Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Май, 2026   |   9 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:55
Пешин
12:25
Аср
17:31
Шом
19:50
Хуфтон
21:22
Bismillah
27 Май, 2026, 9 Зулҳижжа, 1447
Мақолалар

"Маҳри мисл" нима дегани?

10.02.2025   10231   3 min.

Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ аталган маҳрнинг ярмини вожиб қилади.

Бу ҳукм Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса», (бермайсиз) (237-оят).

Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда «мутъа», ундан кейингида «маҳри мисл» вожиб бўлади.

Бу ҳукм ҳам Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай марҳамат қилади:

«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ» (236-оят).

Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.

«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».

Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб, талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳали тайин бўлмаганлиги учун бу келинга «мутъа» (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.

Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб, кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.

Уламоларимиз: «Мутъа ўз даврларининг ўлчовида берилади: бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.

Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади. Дўст-душманнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас.

Оятда:

«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.

Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак, шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:

«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.

«Маҳри мисл» ўша юртда, ўша замонда бошқа келинларга одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдордаги маҳрдир.

"Бахтиёр оила" китобидан

Бошқа мақолалар

Арафа куни ушбу 5 амални бажаришни унутманг!

04.06.2025   25106   1 min.
Арафа куни ушбу 5 амални бажаришни унутманг!

1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.

Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".

Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.


2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.


3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.


4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.


5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД