Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Жаннат аҳлидан бўлган кишига қараш кимни қувонтирса, Урва ибн Зубайрга қарасин»
Абдулмалик ибн Марвон.
Урва ибн Зубайр ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларидан бир йил қолганида, мусулмон оилалар орасида энг ҳурматли ва олий мақом хонадонда таваллуд топди. Оталари Зубайр ибн Аввом (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фидоий саҳобаларидан, жаннат башорати берилган ўнта саҳобанинг бири эди. Оналари эса Асмо бинти Абу Бакр «зун нитоқайн - икки белбоғ соҳибаси» (Ҳижрат куни белбоғини иккига бўлиб, бири билан Расулуллоҳ соллаллоҳу васаламнинг егулик идишларини, бошқаси билан сув идишларини боғлагани учун шундай шарафга эришган) эди.
Она тарафдан боболари Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари ва ғордаги ҳамроҳлари бўлган эди. Ота тарафдан момолари София бинти Абдулмутталиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари ва мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо у кишининг холасидир. Оиша онамиз (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) вафот этганларида Урва ибн Зубайр ўзлари қабрга тушиб, лаҳадга қўйган. Иймон шарафи ва Ислом иззатидан бошқа, мана шундай насабдан кўра олий насаб ва шундай шарафдан кўра буюк шараф бормикин?
Каъбаи Муаззама олдида акалари ва ҳамроҳлари билан яхши орзуга эришишни танлаш хаёл қилинганда, Урва ибн Зубайр мен Раббимдан амал қилувчи олим бўлишни орзу қиламан. Мендан одамлар Аллоҳнинг Китобини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ва Ислом дини аҳкомларини ўргансалар, деди. Шу қилган орзусини рўёбга чиқариш учун Урва ибн Зубайр илм таҳсилига бел боғлаб, қаттиқ киришди.
Ҳаёт бўлган саҳобаларни ғанимат билиб, уларнинг уйларига қатнаб, орқаларида тоат-ибодат қилиб, илм мажлисларида доимий иштирок этди. У Али ибн Абу Толиб, Абдурраҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Айюб Ансорий, Усома ибн Зайд, Саъид ибн Зайд, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Нўъмон ибн Башир (Аллоҳ у кишилардан рози бўлсин) дан ҳадислар ривоят қилди. Аксар илмини холаси Оиша розияллоҳу анҳодан олди ва одамлар уларга дин ишларида суянадиган, солиҳ ҳокимлар эса ўзлари масъул бўлган халқлар ва шаҳарлар масаласида улардан ёрдам истайдиган, Мадинанинг ўша даврда кўзга кўринган фақиҳларидан бири бўлиб етишди.
Бунинг далили ўлароқ, Умар ибн Абдулазиз Валид ибн Абдулмалик тарафидан Мадинага волий этиб тайинланганида, одамлар қутлаш учун унинг ҳузурига келдилар. Пешин намозини ўқиб бўлгач, Мадина уламоларидан ўн кишини таклиф қилди. Таклиф қилинган олимларнинг пешқадами эса Урва ибн Зубайр эди.
Умар ибн Абдулазиз уламоларни яхши кутиб олиб, уларга иззат-икром кўрсатгач, Аллоҳга ҳамду сано айтиб шундай деди: «Менга ҳақ устида ёрдамчи бўладиган ва ажр-савобга ҳам эга бўлиб қоладиган бир иш учун сизларни таклиф қилдим. Мен ҳар бир ишни сизларнинг фикрингиз ва маслаҳатингиз билангина қилмоқчиман. Сизлардан илтимосим шуки, агар бирон кимсани бошқа бировга зулм қилаётганини кўрсангиз ёки менинг ходимларим ҳаддан ошиб, зулмга қўл ургани сизларга етса, шуни менга хабар берсангиз!». Бу гапларни эшитгач, Урва ибн Зубайр унинг ҳаққига дуои хайрлар қилиб, Аллоҳдан унга ҳақда собит туриши ва рушди ҳидоят тилаб қолди.
Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эди. У иссиқ кунларда рўзадор, узун тунларда бедор, тили эса доим Аллоҳнинг зикри билан машғул эди. Бунга қўшимча, у Аллоҳнинг Китобига ҳамроҳ бўлиб олган, Қуръон ўқишга шундай берилган эдики, кундузлари Қуръоннинг тўртдан бирини мусҳафга қараб, тунлари шунча қисмини ёддан тиловат қилар, эътиборли жиҳати шуки, имкон қадар мана шу одатини у ёшлигидан бошлаб то вафот топгунга қадар тарк қилмаган, фақат бир марта бошига тушган мусибат сабабигина қолдирган эди.
Урва ибн Зубайр саховатда ҳам пешқадам бўлиб, бағрикенг ва ниҳоятда қўли очиқ инсон эди. Сахийлиги ҳақидаги ривоятлардан бири шуки: «Унинг Мадинадаги энг катта боғлардан ҳисобланган бир боғи бор эди. Боғнинг ичи салқин, суви ширин, хурмо дарахтлари баланд ва мевалари серҳосил эди.
Ҳайвонлар ва ёш болалар кириб дарахтларга шикаст етказмаслиги учун йил давомида боғнинг атрофини девор билан ўраб ҳимоя қилар, қачонки хурмолар иштаҳани очадиган тарзда ғарқ пишганда одамлар бемалол кириб тўйгунларича еб ва хоҳлаганларича олиб кетишлари учун, боғнинг бир неча тарафидан дарча очиб қўярди. Қачон боғига кирса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини қайта-қайта ўқир эди: «Сен боғингга кирганингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», деганингда эди! ...» (Каҳф сураси, 39-оят).
Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Аллоҳ таоло Урва ибн Зубайрни иймон ва ишонч билан суғорилган қалб эгаларигина чидай оладиган имтиҳон билан синашни ҳоҳлади.
Мусулмонлар халифаси Урва ибн Зубайрни Дамашққа келиб, меҳмон бўлиб кетишга таклиф қилди. Таклифни қабул қилган Урва ибн Зубайрга катта ўғли ҳамроҳ бўлди. Дамашққа етиб келишганда халифа уларни чиройли кутиб олди, уларга иззат-икром кўрсатиб, ҳурматларини жойига қўйди. Сўнг кўнгиллар истамайдиган бир иш бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилди. Аввал Урва ибн Зубайрнинг ўғли халифанинг зотли отларини кўриш учун отхонага кирганида, отлардан бирининг тўсатдан тепиб юбориши натижасида ўша ерда вафот этди.
Мусибатзада ота ўғлини тупроққа қўйиши кетидан, ўзи ҳам қорасон касали билан оғриб қолди. Болдири шишиб, оғриқ ҳам кундан-кун кучая борди. Халифа ҳар тарафлардан табиблар чақириб, азиз меҳмонини даволаши учун, турли воситалар билан уларни рағбатлантирди. Лекин барча табиблар: «Касаллик жасаднинг ҳаммасига тарқаб, ҳалокатга олиб бормасидан аввал, оёқни кесиш керак», деган якдил хулоса билдирдилар. Бунга кўнишдан бошқа чора йўқ эди.
Жарроҳ келиб оёқни кесиш учун анжомларини ҳозирлаб, оёқни кесгунига қадар Урва ибн Зубайр такбир ва таҳлил айтишдан тўхтамади ва ниҳоят оёқ жасаддан ажралди. Қонни тўхтатиш ва газак олмай яра тез битиши учун қиздириб турилган ёғга ботирилганда Урва ҳушидан кетиб, узоқ вақт беҳуш бўлиб ётди. Ана шундагина юқорида айтганимиз, Қуръони Каримдан ўқийдиган кундалик одатини ўқий олмади. Ёшлигидан бошлаган бу хайрли одатини, мана шунда бир мартагина тарк қилди.
Урва ибн Зубайр Мадинага қайтиб, оиласи ҳузурига кирганида уларга: «Эй аҳлим қайғурманглар, Аллоҳ таоло бизга тўрт фарзанд берган эди, биттасини олиб, учтасини ўзимизда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Менга икки қўл ва икки оёқ берган эди, биттасини олиб учтасини ўзимда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳ мендан озини олиб, кўпини ўзимда қолдирди. Бир марта балолаган бўлса, кўп марта офият берди», деб уларга тасалли берди.
Мадина аҳли ўз имомлари ва олимлари Урва ибн Зубайрнинг қайтганларини билгач, у зотга таъзия билдириш ва ҳол-аҳвол сўраш учун ҳар тарафдан кела бошладилар. Таъзия билдирганлар ичида энг чиройли ва таъсирли сўз Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳанинг сўзи бўлди: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ, аъзоларингиз ва фарзандларингиздан бири, сиздан аввал жаннатга кетди. Аллоҳ хоҳласа барчангиз бир-бирларингизга эргашасиз. Аллоҳ таоло бизларга биз муҳтож бўлган, сизнинг илмингиз ва фикрингизни қолдирди. Аллоҳ таоло илмингизни сизга ҳам бизга ҳам манфаатли қилсин. Аллоҳ ажру-савоб берувчи ва гўзал ҳисоб қилувчи Зотдир».
Урва ибн Зубайр бутун ҳаёти мобайнида мусулмонлар учун ҳидоят нури, нажотга йўллагувчи ва яхшиликларга чорловчи бўлиб қолди. Энг катта аҳамиятни болаларга, хусусан, ўзининг фарзандлари, шу билан бирга бошқа мусулмонларнинг фарзандлари тарбиясига қаратиб, ҳеч бир фурсатни қўймай, уларни тўғри йўлга йўллаб, насиҳатлар қилиб турарди.
Урва ибн Зубайр етмиш бир йил яхшилик ва эзгуликларга тўла, тақво билан бурканган умр кечирди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД