Президент Шавкат Мирзиёев 28 май куни Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг ҳурмати юксак, унинг мақбарасини кўриш истагидаги инсонлар кўп. Шу боис зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида бу ерда янги мажмуа барпо этилмоқда.
Ташриф чоғида Президентимиз қурилишнинг боришини кўздан кечирди.
Мажмуанинг умумий майдони 44 гектар этиб кенгайтирилган. Ҳозирги кунда мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид, 4 та минора қуриб битказилган.
Янги мажмуа зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлади. Музей, маъмурият, меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларини ўз ичига олади. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилади.
Давлатимиз раҳбарига мажмуада бўлажак шароитлар ҳақида ахборот берилди. Мақбара ҳовлиси ва хиёбонларга кўпроқ дарахтлар экиш зарурлиги айтилди.
president.uz
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати