Россия мусулмонлари Марказий диний идорасининг таклифига асосан Уфа шаҳрида ўтказилган «Ислом идеаллари ва қадриятлари: Бир Уммат – умумий тақдир» номли XVI Халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов иштирок этди.
Россия мусулмонлари Марказий диний идораси, Москва шаҳридаги Ислом маданияти, фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Бошқирдистон Республикаси Раҳбари ҳузуридаги давлат-дин муносабатлари кенгаши томонларидан ташкил этилган анжуманда 600 дан зиёд меҳмонлар қатнашдилар.
Баҳрайн, Миср, Иордания, Тунис, Туркия, Ироқ, Эрон, Ҳиндистон, Германия, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Саудия Арабистони Қироллиги, Марокаш, Фаластин, Мўғулистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь, Ўзбекистон Республикаси ва бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрдилар.
Шунингдек давлат ҳокимияти органлари вакиллари, илмий ва эксперт жамоатчилиги, таълим муассасалари, олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари, Россия Федерацияси субъектларидан диний ва жамоат арбоблари, анъанавий конфессиялар диний пешволари ҳамда Ислом олами университетлари федерацияси ва Ислом таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) вакиллари иштирок этдилар.
Бошқирдистон Республикаси Давлат Ассамблеяси – Қурултой да ўтказилган Конференциядан кўзланган мақсад – маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, динлараро ва миллатлараро тинчлик ва тотувликни ривожлантириш, Россия ва Евроосиё маконидаги мусулмон уммати бунёдкорлик салоҳиятини оширишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқишдан иборат.
Халқаро конференция доирасида Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов билан учрашув ўтказди.
Муфтий ҳазрат суҳбатни ўзи бошлаб, ташриф учун миннатдорлик изҳор этиб, ўзининг энг катта ва илиқ самимий саломларини, энг яхши тилак ва хайрли дуоларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига албатта етказишни бир неча бор таъкидлаб ўтди.
Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратларининг Ўзбекистонга, Бухорога, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача баланд эканлиги намоён бўлиб туради.
Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ҳам саломлари Диний идорамиз вакили томонидан ҳурмат билан етказилди.
XVI Халқаро илмий-амалий конференция сўнгида “Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратларининг дин ва Ватан йўлидаги 45 йиллик маънавий хизматига бағишланган тантанали тадбирлар”да Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов сўзга чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Табрикномаларини ҳурмат билан етказди.
Ҳамда Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг номларидан миллий қадриятларимиз бўйича миллий зар чопон тақдим этилди.
Ўзбекистон делегацияси томонидан кўрсатилган бундай юқори эҳтиром ва ҳурматдан жуда қаттиқ мамнунлигини Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратлари кўз ёшлари ила дилдан меҳр билан изҳор этди.
Хизмат сафари давомида Халқаро конференцияга ташриф буюрган бир қатор меҳмонлар билан бўлган суҳбатларда делегациямиз вакили томонидан бугунги кундаги мамлакатимиздаги қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиб, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз ободлиги учун беҳисоб даражада ишлар олиб борилаётганлигини ёритиб, бугунги кундаги мамлакатимиздаги ҳамма соҳаларда, айниқса диний соҳада жуда ҳам катта ислоҳотлар, мисли кўрилмаган янгиликлар тўғрисида хабар бериб ўтилди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўп кўрдим узоқ йиллар тажрибамда шуни,
Сабрда гўзал хотима бўлар бир куни.
Ушбу оятлар ҳақида бироз тафаккур қилиб кўринг. Аллоҳ таоло айтади:
﴿سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا﴾
"Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берадир" (Талоқ сураси, 7-оят);
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ﴾
"Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки ютуққа эришсангиз" (Оли Имрон сураси, 200-оят).
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ﴾
«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз", дерлар» (Бақара сураси, 155-156-оятлар).
﴿وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِنْ بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنْشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ﴾
«У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир» (Шуро сураси, 28-оят).
﴿قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَأَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةٌ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ﴾
«Сен менинг тарафимдан: "Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур", деб айт» (Зумар сураси, 10-оят).
Мана, Қуръон сизга хурсанд ва хотиржам бўлишингиз, Роббингизга ишонишингизга чақирмоқда. Шундай экан, Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидан кўнглингиз яйрасин. Чунки Аллоҳ бандаларини азоблаш учун эмас, уларни сайқаллаш ва одоб бериш учун яратган. Аллоҳ инсонга унинг ота-онасидан ҳам меҳрибон, У зотдан раҳмати ва рози бўлишини сўранг. Бу эса Унга шукр қилиш, зикрида бардавом бўлиш, Китобини тиловат қилиш ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш билан бўлади.
Шуъла: Ёмон иш келиб қолишига тайёр тураверинг, шунда уни тезда тўғри бўлиши сизга ҳадя бўлади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан