#xabar #KPI #imom_xatib #faoliyat
Бугунги кунда диний соҳа ходимлари фаолиятида самарадорликни ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўз касбига бўлган садоқат ва фидоийликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари масъулиятини янада ошириш, фаолиятини таҳлилий асосда баҳолаш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириш ҳамда заруратга кўра лавозим бўйича қарорлар қабул қилиш мақсадида KPI тизими жорий этилмоқда.
Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар туман ҳамда шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида ўтказилаётган семинар-тренингларда мазкур тизимдан фойдаланиш тартиби атрофлича тушунтирилмоқда. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар домла Камолов томонидан KPI тизимининг афзалликлари, шунингдек, меҳнат фаолиятига оид маълумотларни тизимга киритиш амалиёти батафсил ёритиб берилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, KPI (Key Performance Indicator) — ташкилот ёки ходим фаолияти самарадорлигини баҳолашда қўлланиладиган асосий кўрсаткичлар тизими ҳисобланади. У шахс ёки муассасанинг белгиланган мақсадларга қай даражада эришганини аниқ кўриш имконини беради ҳамда жаҳон амалиётида турли соҳаларда самарали бошқарув мезони сифатида қўлланилади. Мазкур тизим вазифалар ижросини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш, масъулиятни ошириш ва фаолиятдаги камчиликларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилади. Бу эса диний-маърифий ишлар, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини янада самарали ташкил этиш имконини яратади.
KPI тизимининг жорий этилиши диний соҳада самарадорлик ва натижадорликни ошириш, жумладан, имом-хатибларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cафарга чиқувчиларнинг ҳаққига дуо қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан саналади. У зот алайҳиссалом:
أَسْتَوْدِعُ اللهَ دِيْنَكَ وَأَمَانَتَكَ وَخَوَاتِيمَ عَمَلِكَ
“Аставдиъуллоҳа дийнака ва амаанатака ва хавотийма амалика”, деб саҳобаларни сафарга кузатар эдилар.
Маъноси: “Динингизни, омонатингизни ва амалларингиз хотимасини Аллоҳга топшираман”.
Ҳожиларни кузатишда қуйидаги дуоларни қилиш тавсия этилади:
1. Аллоҳим, ҳожиларнинг сафарларини осон қилгин. Уларни Сенга топширдик.
2. Аллоҳим, ҳожиларни сафарлари давомида ҳар қандай бало ва ёмонликлардан асрагин ҳамда оилалари бағрига соғ-саломат қайтаргин.
3. Аллоҳим, ҳожиларнинг дуо, ибодатларини ва қалбларидаги барча шаръий ният ҳамда мақсадларини ижобат этгин. Гуноҳларини мағфират, тавбаларини қабул қилгин.
4. Аллоҳим, ҳожиларнинг ибодатларини Ўзинг учун холис қилинган амаллар қаторида қабул айлагин.
Аллоҳнинг фарз ибодатини адо этишга отланган муҳтарам юртдошим Аллоҳ таоло юртимиз, халқимиз ҳаққига қиладиган барча дуоларингизни қабул этсин. Дуоларингизда бизни ҳам унутманг!
Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур ва гуноҳларингиз мағфур бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД