Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Октябр, 2026   |   14 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:27
Қуёш
06:46
Пешин
12:12
Аср
15:46
Шом
17:31
Хуфтон
18:44
Bismillah
25 Октябр, 2026, 14 Жумадул аввал, 1448

Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади?

06.04.2026   21171   8 min.
Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир ҳадис шарҳи

Инсон бу дунёда меҳмон, ҳар бир жон эгаси бир кун келиб бу дунёдан ўтади. Аммо, ислом таълимоти инсонни фақат дунё билан чеклаб қўймайди, балки унинг бу дунёда қилган айрим амаллари савоби вафотидан сўнг ҳам давом этиши ҳақида таълим беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафотидан кейин ҳам айрим амалларнинг савоби тўхтамаслигини маълум қилиб, ушбу ҳадисни (юқоридаги ҳадисни) айтганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول اللهﷺقال: «إذا ماتَ الإنسانُ انقَطَعَ عنه عَمَلُه إلَّا مِن ثَلاثةٍ: مِن صَدَقةٍ جاريةٍ، أو عِلمٍ يُنتَفَعُ به، أو ولَدٍ صالِحٍ يَدعو له».

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этганда, уч нарсадан бошқа барча амаллари савоби ундан узилади: жорий садақа, (одамларга) фойдаси тегадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, дедилар[1].

Ушбу ҳадис бизга жуда муҳим ҳақиқатни ўргатади: инсон учун бир кун келиб унинг ҳаёти тугайди, у хайрли ишлар қилишдан тўхтайди, аммо у вафот этиб кетган бўлса ҳам бу дунёда қилган айрим амаллари орқали ўзига етадиган савоблар тўхтамайди. Бу Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлидандир. У Зот бандаларининг гуноҳларини мағфират қилиб, охиратда даражаларини кўтариш учун ва савобларини вафотидан кейин ҳам давом эттириш учун кўплаб сабабларни яратиб қўйган.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қиладиларки, инсон вафот этгач, дунёдаги амаллари ундан узилади, яъни у энди у солиҳ амаллар қилишни қанчалар истаса ҳам буни амалга ошира олмайди. Савобларига савоб қўша олмайди. Агар у яхшилик қилган бўлса, шу яхшилиги ўзига, агар ёмонлик қилган бўлса, у ҳам ўзига. Энди амал қилиш ёки тавба қилиш имкони йўқ. Қилган яхши амалларига савоб ёзилиб бўлган, номаи аъмоли – амаллар дафтари ёпилган бўлади. Аммо, ўзидан сўнг бу дунёда уч нарсани қолдирган бўлса, у бундан мустаснодир. Бу амалларнинг савоби ва фойдаси инсон вафоти сабабли тўхтаб қолмайди, узилмайди:

Улардан биринчиси садақаи жория – савоби бардавом бўлган садақадир. Садақа моддий ва маънавий кўринишга эга бўлиб, яхши сўз ҳам садақадир. Садақа – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, қурбат ҳосил қилиш нияти билан бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади, яъни ихтиёрий мол чиқариш садақа дейилади, фарз мол чиқариш эса закот дейилади. Гоҳида қилинган ҳар бир яхшилик иш ҳам садақа дейилади. Садақа икки турли бўлиб, улардан бири садақа қилиш билан кўзланган савоб ниятига яраша берилади ва шу садақа тўхташи билан унга бериладиган савоб ҳам ёпилади. Садақаи жория эса узоқ муддатли савоб манбаи бўлиб, жамиятга фойдаси қанча муддат тегиб турса, савоби ҳам шунча вақт давом этадиган хайрли ишлардир. Яъни, жамиятга фойдаси давомий бўлган ишлар садақаи жория саналади ва савоби ҳам доимий бўлади. Масалан:

  • масжид қуриш;
  • сув чиқариш, қудуқ ёки ариқ қазиш;
  • йўл, кўприк қуриш;
  • боғ барпо қилиш;
  • завод, фабрика қуриш;
  • мактаб ёки мадраса ташкил қилиш ёки бошқа бир илм даргоҳлари қуриш ва улар фаолиятига ёрдам бериш;
  • вақф қилиш, манфаат келтирадиган мулкини масжид ёки илм даргоҳларига доимий фойдаланишга бериш, карвонсаройлар қуриш;
  • одамларга узоқ йиллар давомида манфаати тегиб турадиган бунёдкорлик ишларни амалга ошириш.

Бундай нарсалар инсон вафот этганидан кейин ҳам одамларга хизмат қилаверади. Шу сабабли савоби ҳам доимий бўлади.

Иккинчиси жамиятга фойдаси тегадиган илмдир. Яъни инсон вафотидан кейин ҳам одамлар ундан фойдаланадиган илм. Илмнинг “фойда берадиган” дея таъкидланиши сабаби фойда бермайдиган илм ўз эгасига савоб келтирмайди.

Агар инсон бирор илм ўргатса, китоб ёзса, одамларни яхшиликка йўналтирса, унинг вафотидан кейин ҳам ўша илмдан фойдаланган ҳар бир инсон сабабли унга савоб ёзилиб туради.

Илм – инсон қолдириши мумкин бўлган энг қимматли мерослардан биридир.

Учинчиси солиҳ фарзанд қолдиришидир. Ҳадис матнида фарзанд “солиҳ” деб таъкидланди, чунки ота-онага ноқобил фарзанддан савоб етмайди.

Ота-она ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд – ота-она учун энг катта бахт ва буюк неъматдир. Агар фарзанд яхши амаллар қилса, ибодатларида ота-она ҳаққига дуо қилса, бунинг савоби ота-онасига ҳам етиб туради. Ҳатто бошқа ҳадисларда ота-онанинг фарзандига берган энг катта ҳадяси яхши тарбия экани айтилган.

Ҳадисда фарзанднинг ота-онаси ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши зикр қилингани замирида фарзандни бу ишга рағбатлантириш маъноси ҳам бор. Аслида эса, солиҳ фарзанднинг амалларидан – у дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам – ота-онага савоб етиб тураверади. Бу худди бир киши дарахт экиб қўйса, унинг мевасидан еган инсонлар сабабли улар дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам унга савоб ёзилишига ўхшайди.

Ибн Можа ривоятида келган: “Албатта, инсоннинг жаннатдаги даражаси кўтарилади ва у: «“Бу қаердан келди?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг сен учун истиғфор айтгани сабабли”, деб жавоб берилади».

Яна Ибн Можа ривоятида: “Мўминга унинг вафотидан кейин ҳам амаллари ва яхшиликларидан етиб турадиган нарсалардан бири – у ўргатган ва тарқатган илм, қолдирган солиҳ фарзанд, мерос қилиб қолдирган мусҳаф, қурган масжид, йўловчилар учун қурган уй (работ, карвонсарой), оқизган ариқ ёки ҳаётлигида молидан чиқарган садақадир. Бу ишлар унга вафотидан кейин ҳам етиб туради”.

Савоби янгиланиб турадиган бу каби амалларнинг савоби инсонга вафотидан кейин ҳам етиб боради. Шунингдек, инсон йўлга қўйган ҳар қандай яхшилик ва унинг асари қолса ҳам, у шу ҳадис замиридаги ҳукм остига киради. Чунки Имом Муслим ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Исломда яхши бир суннат (йўл)ни жорий қилса, ўша амалнинг савоби ва ундан кейин амал қилганларнинг савоби – уларнинг савобидан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда – ёзилади”.

Бунга жамиятда жорий қилинган яхши урф-одатлар, тартиб-интизом ва йўл қоидаларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Демак, ушбу ҳадисга кўра инсон фақат бугун учун эмас, вафотидан кейин учун ҳам яшаши керак, мол-дунё – абадий савоб қолдириш учун берилган имкониятдир. Садақаи жория, фойдали илмни тарқатиш ва фарзандга берилган гўзал тарбия – инсоннинг ҳаётидан кейинги ҳаётига сармоясидир.

Ушбу ҳадисда:

  • ота-онани вафотидан кейин ҳам эҳтиром қилишга тарғиб;
  • фойдали илмни ўрганиш ва уни тарқатишга рағбат;
  • жорий садақалар қилишга чақириқ;
  • фарзандни солиҳ қилиб тарбиялашга тарғиб мавжуд.

Фикримиз хулосасида айтар сўзимиз шуки, ҳар биримиз ўзимизга “Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади? Қандай эзгу ишлар қолади?” деб савол берайлик! Агар ортимизда бир инсонга бўлса ҳам фойдамиз тегадиган нарса қолдирган бўлсак, жамиятга фойдаси тегадиган бирор илм ўргатган бўлсак, бир яхши фарзанд тарбиялаган бўлсак, демак, умримизни беҳуда ўтказмаган, бу ҳаётда яшашдан ҳақиқий манфаатга эришган бўламиз.

1] Ровий: Абу Ҳурайра. Муҳаддис: Имом Муслим. Манба: Саҳиҳу Муслим. Ҳадис рақами: 1631. Ҳукми: саҳиҳ. Тахриж: Имом Муслим ривоят қилган, “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинмаган ҳадислардандир.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

24.10.2026   29004   7 min.
Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ бўлинмасида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси, шунингдек, уни ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган замонавий лойиҳаларни тақдим этди. Миллатлар саройида «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси ҳамда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндаларини бирлаштирган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.

«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги конференция Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг илмий анъаналари жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ушбу мероснинг замонавий жамият учун аҳамиятига бағишланди.

Тадбир 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида бошланган халқаро мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳар икки учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига кенг танитиш ташаббусини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.

Дастур «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси билан бошланди. Унда китоблар, илмий ва иллюстрацияли нашрлар, миниатюралар, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ва кашфиётлари ҳақидаги материаллар намойиш этилди. Экспозиция минтақа илмий ва бадиий анъаналарининг бойлигини, шунингдек, авлодлар ўртасидаги билимлар давомийлигини очиб берди.

Тадбирда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая ҳамда Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий вакили Элдиёр Тошматов табрик сўзлари билан иштирок этдилар.

Татьяна Валовая конференциянинг цивилизациялар мулоқоти ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлаб, Марказнинг маърифий миссияси ҳамда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонаси билан ҳамкорлик истиқболларига юксак баҳо берди.

«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда улкан таассурот қолдирди. Бу — бой тарихий мерос замонавий технологиялар ёрдамида тақдим этиладиган илҳом маскани. Бу ҳақиқатан ҳам XXI аср маркази бўлиб, турли авлод вакиллари, айниқса, ёшлар ва болалар учун қизиқарлидир.

Кўргазма ҳайратланарли, тақдим этилган китоблар эса мутлақо ноёб. Биз кутубхонамиз ва Марказ ўртасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ўйлайманки, бу жуда қизиқарли ҳамкорлик бўлади», — деди Татьяна Валовая.

Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ҳам сўзга чиқди.

Асосий маъруза билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди. У музей фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва маърифий йўналишларни бирлаштирган Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилда БМТ минбаридан туриб илгари сурган ташаббуси бугун аниқ натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Париждаги ЮНЕСКОдан сўнг буюк аждодларимиз мероси Женевадаги Миллатлар саройида ҳам тақдим этилди ва халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Биз БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан БМТ кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича келишувга эришдик. Бу Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихига оид илгари номаълум бўлган материалларни ўрганиш учун янги имкониятлар очади», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.

Иштирокчилар Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг Бухоро, Термиз ва Самарқанднинг илмий анъаналари билан боғлиқ меросига алоҳида эътибор қаратдилар. Муҳокамалар марказида билимларнинг ишончлилиги, уларни кейинги авлодларга етказиш масъулияти, шунингдек, эътиқод ва ақл ўртасидаги муносабат масалалари бўлди.

Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Самарқанд тарихига, унинг турли маданиятлар ва динлар учрашган маскан сифатидаги ўрнига тўхталиб, билим олишга бўлган умумий интилишнинг аҳамиятини таъкидлади.

«Ўзбекистон бой тарих ва ноёб маданий меросга эга мамлакат. Самарқандда турли дин вакиллари биргаликда билим олишга интилганлар. Одамлар Яратганни турлича номлашлари мумкин, аммо бу бир-бирларини тушунишларига тўсқинлик қилмаслиги керак. Бугунги конференциянинг аҳамияти ҳам айнан шунда», — деди Роберт Блюм.

Берлиндаги Cultur-Cooperation International ташкилоти директори, WOSCU аъзоси Кэтлин Гёбель махсус маъруза билан иштирок этиб, тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

«Қўрқув ва террор мавжуд бўлган, инсонлар ҳаётдан кўз юмадиган бугунги дунёда тинчликни мустаҳкамлаш давлатлар, жамоат институтлари ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси тинчлик ва ҳамжиҳатлик сари қўйилган амалий қадам бўлди, деб ҳисоблайман», — деди Кэтлин Гёбель.

Марказий Осиё буюк мутафаккирлари меросининг замонавий жамият учун аҳамиятини БМТ билан алоқалар бўйича Latter-day Saint Charities ташкилоти вакили Крейг Тейлор ҳам алоҳида таъкидлади.

«Мен Имом Мотуридий ва Беруний меросини ўргандим ҳамда уларнинг ғоялари нима учун бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани ҳақида мулоҳаза юритдим. Диний мансублигимиздан қатъи назар, ҳар биримиз тинчликпарвар бўлишга ва хилма-хилликка бой жамиятимизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга интилишимиз ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблайман», — деди Крейг Тейлор.

Конференциянинг илмий қисмини унинг модератори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов очиб берди. У Марказий Осиё олимларининг кашфиётлари, уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритди.

Маърифат ва бағрикенглик мавзусини Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов давом эттирди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов ўз маърузасида мутафаккир меросида ақл, мўътадиллик ва ахлоқий масъулиятнинг аҳамиятини очиб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев эса Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий меросида манбалар ишончлилигини текшириш усулларига тўхталди.

Дастур доирасида учта қисқа метражли фильм ҳам намойиш этилди. Уларда Ўзбекистон ва Ислом цивилизацияси мероси, янги авлод музейи сифатидаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси ҳақида ҳикоя қилинди. Фильмлар минтақа тарихий меросини ўрганиш ва оммалаштиришдаги замонавий ёндашувларни намоён этди.

«Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмасида тақдим этилган барча китоблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди.

Конференция илмий ва маданий-маърифий соҳалардаги қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилиш билан якунланди. Расмий дастурдан сўнг Миллатлар саройида ўзбек миллий таомлари тақдим этилган миллий қабул маросими бўлиб ўтди. У дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндалари ўртасидаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.

Конференция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати