Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Май, 2026   |   25 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:33
Қуёш
05:07
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:37
Хуфтон
21:04
Bismillah
13 Май, 2026, 25 Зулқаъда, 1447
Мақолалар

Ҳаж саёҳат эмас...

20.04.2026   10057   2 min.
Ҳаж саёҳат эмас...

Ҳаж жисмоний ва молиявий жиҳатдан бандани синайдиган, руҳиятини поклайдиган Ислом арконларининг бешинчи рукнидир. Ҳажнинг улуғ фазилатларидан бири инсоннинг хато ва гуноҳлардан покланишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, (ҳаж давомида) ёмон гаплар гапирмаса ва гуноҳ ишлар қилмаса, уйига онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, мабрур ҳаж инсон ҳаётида янги саҳифа очади. Ислом таълимотида ҳар бир солиҳ амалнинг ўз ажри бор, бироқ Ҳаж учун ваъда қилинган мукофот улуғроқдир.

Ҳадисда айтилишича: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Риёдан холи, ҳалол маблағ эвазига қилинган ва барча одобларига риоя этилган ибодат мабрур ҳаж ҳисобланади.

Ҳожилар Аллоҳ таолонинг меҳмонларидир. Муқаддас манзилларда инсон ўзи ва яқинлари учун энг хайрли дуоларни сўрайди. Зиёрат давомида, айниқса Арафот тоғида, Каъбаи муаззама қаршисида ва Сафо-Марва тепаликларида қилинган дуолар рад этилмайди.

Ҳажнинг ижтимоий фазилати беқиёс. Бир хил либосда, бир хил мақсад йўлида дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонларнинг жамланиши тенглик ва ибрат намунасини намоён этади. Бу ерда бой ва камбағал, мансабдор ва оддий ишчи, оқ ва қора танлилар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.

Ҳаж арконларини бажараётган инсон қиёмат манзараларини ҳис қилади, ҳисоб-китобни эслайди ва Аллоҳ ҳузурида ҳамма тенг, фақатгина тақволиларгина бошқалардан устун эканини тушунади.

Ҳаж сафари машаққатлардан холи эмас. Иссиқ иқлим, миллионлаган оломон ичида ҳаракатланиш ва узоқ масофаларни пиёда босиб ўтиш инсондан улкан сабр талаб қилади. Бу машаққатлар эвазига инсон ўз нафсини жиловлашни, бошқаларга нисбатан бағрикенг бўлишни ва қийинчиликларга шукр билан муносабат бўлишни ўрганади.

Ҳаж саёҳат эмас, балки қалбнинг Аллоҳ томон ҳижратидир. Муборак сафардан қайтган киши ҳожи мақомини олиш билан бирга жамиятга фойдаси тегадиган, одоб-ахлоқи гўзал ва иймони мустаҳкам бўлган бошқа шахсга айланиши керак.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаж арконларини бажариш ва унга муносиб бўлиш бахтидан бенасиб қилмасин!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Зафар қори Маҳмудов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди

13.05.2026   308   1 min.
Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди

Шу йил 12 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Индонезия Ҳаж фонди директори ўринбосари Индра Гунаван бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Ҳомиджон домла меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, кейинги йилларда ҳаж квотаси 15 мингдан ошгани ва зиёратчиларга яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумот берди.

Мулоқот давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Ўзбекистоннинг ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишдаги 30 йиллик бой тажрибасини алоҳида таъкидлаб, Индонезия билан диний-маърифий йўналишда тажриба алмашиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини билдирди.

Ўз навбатида Индонезия делегацияси раҳбари Индра Гунаван самимий қабул ва фойдали маълумотлар учун миннатдорлик изҳор этиш баробарида икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларга тўхталиб, Индонезиянинг собиқ президенти Сукарно Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилган илк хорижий давлат арбоби эканига урғу қаратди.

Шунингдек, у ўз сўзида Индонезиянинг ҳаж ва умра тизимига оид маълумотларни тақдим этиш баробарида муборак сафарга зиёратчиларни тайёрлаш тажрибаси ҳақида маълумот тақдим этди.Учрашув асносида томонлар келгусида мутахассисларнинг масофавий тажриба алмашишига келишиб олди.

Шу билан бирга, томонлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган мулоқот якунида ўзаро эсдалик совғалари алмашилди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди Ўзбекистон ва Индонезия: Ҳаж ва умра бўйича тажриба алмашилди
Ўзбекистон янгиликлари