Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Май ойи – ҳадис илмлари фан ойлиги» доирасида «Ҳадисларни нотўғри талқин қилишнинг жамиятга салбий таъсири» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Модуль таълим тизими 2-курс талабалари иштирок этди.
Тадбирни кафедра катта ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов очиб берди. Илмий-маърифий суҳбатда «Мирза Ғолиб» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов маъруза қилиб, ҳадисларни нотўғри тушуниш ва нохолис талқин қилиш жамият барқарорлигига зарар етказиши ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этди.
Мулоқот давомида ҳадисларни шарҳлашда доимо асл манбаларга ва мўътабар уламоларнинг асарларига мурожаат қилиш бугунги куннинг долзарб зарурати экани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида талабалар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Oliymahad.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ инсоннинг кечинмаларини жуда яхши билади. Бироқ Аллоҳга иймон келтирмаганлар бунга ишонмайдилар. “Қани бунинг исботи?” деб сўрайдилар. Ақлий далиллар албатта мавжуд. Аллоҳ инсоннинг кечинмаларини ҳам билишининг исботи ўлароқ қуйидаги ояти каримани нозил қилган:
﴿إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ﴾
“Вақтики мунофиқлар ҳузурингга келиб: “Сиз Аллоҳнинг Расули эканлигингизга гувоҳлик берамиз” дедилар. Аллоҳ Унинг ҳақиқий Расули эканингни билади ва Аллоҳ гувоҳлик берадики мунофиқлар ёлғончидир” (Мунофиқун сураси, 1-оят).
Мунофиқлар тўпланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди ва гўёки у зотнинг пайғамбар эканларини тасдиқладилар. Буни ояти каримадан англашимиз мумкин. Бироқ улар гувоҳлик берган бўлсалар қандай қилиб ёлғончи бўлишлари мумкин?
Аллоҳ айтмоқдаки, уларнинг тил учида айтган гапларини қалблари тасдиқламади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини фақат тилларида тан олдилар. Қалблари билан эса инкор қилдилар.
Мунофиқлар қалбларидагини яширадилар. Бироқ Аллоҳ таоло эълон қилиб қўйган оятни инкор эта олмадилар. Яъни, уларга ҳам худди Абу Лаҳабга берилган имконият берилган эди. Улар келиб “Биз рост айтган эдик, сиз Расулуллоҳсиз” десалар бўларди. Ҳеч ким уларнинг қалбини очиб кўра олмас эди. Бироқ Аллоҳ уларнинг бундай дея олмасликларини эълон қилди ва уларни шарманда этди. Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ҳам билишини Қуръони каримнинг бир қанча жойларида айтиб ўтган. Жумладан:
﴿وَإِنْ تَجْهَرْ بِالْقَوْلِ فَإِنَّهُ يَعْلَمُ السِّرَّ وَأَخْفَى﴾
“У Зот сирни ҳам, ундан махфийроғини ҳам билади” (Тоҳа сураси, 7-оят).
Одатда сир икки киши ўртасида бўлади. Аммо сирдан ҳам махфийроқ нарса нима? У инсон ҳеч кимга айтмаган, билдирмаган қалбидаги туйғуларидир. Аллоҳ таоло мунофиқларни шарманда қилган оятлардан бирида бундай деган:
﴿وَيَقُولُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ لَوْلَا يُعَذِّبُنَا اللَّهُ بِمَا نَقُولُ﴾
“(Мунофиқлар) ичларида “Аллоҳ бизга азоб жўнатмасайди” дерлар” (Мужодала сураси, 8-оят).
Демак, мунофиқлар бу гапни ҳеч кимга, ҳатто ўзаро ҳам айтмаганлар. Фақат ичларида сақлаб юрганлар. Лекин Аллоҳ уларни шарманда қилиб бу туйғуларини ошкор қилди. Улар эса буни инкор ҳам эта олмадилар. Агар ихтиёрлари ўзларида бўлганида ҳеч бўлмаса ёлғондан бўлса ҳам “Ичимизда ҳеч нарса деганимиз йўқ” деган бўлардилар. Бироқ Аллоҳнинг илми, ихтиёри олдида ҳамма қатори ожиз эдилар.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан