Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг “Alhatun” журнали ҳамда Иорданиянинг “Seyahafm” радиостанцияси сайтида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва туризм соҳасининг жадал ривожланишига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Alhatun” нашрида ёзилишича, Ўзбекистон туризм йўналишида Марказий Осиёнинг дурдонаси, дея таърифланган. Мамлакатнинг асосий сайёҳлик дурдоналари — Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.
Журналда Ўзбекистон жозибадорлиги Буюк Ипак йўлининг ноёб меъморий ва исломий мероси, қадимийлик ва замонавийликнинг уйғунлиги, анъанавий меҳмондўстлик ҳамда гастрономия йўналишларида алоҳида ажратиб кўрсатилган.
“Seyahafm”да таъкидланишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистон тобора кўпроқ сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Жумладан, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида халқаро сайёҳлар оқими 21,1 фоизга ошган.
Нашрда қайд этилишича, виза режимининг соддалаштирилиши, темир йўл тармоғи ва меҳмонхона базасининг кенгайиши нафақат мамлакат бўйлаб саёҳатларни осонлаштирди, балки хорижий меҳмонларни Ўзбекистонда узоқроқ қолиш ва янги ҳудудларни кашф этишга ундамоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати