Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Хайрли иш бошланганда, дейлик, бирор иморат қуришга киришилганда "Ҳорманг" дейиш – халқимизга хос қадим қадрият. Ана шу қадрият бугун янада сайқал топиб, эзгу анъанага айланди.
Бугун Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов ҳамда бош имом ўринбосари Обиджон домла Мирҳамидов Бўстонлиқ туманида қурилиши давом этаётган «Имоми Аъзам», «Дониёр ибн Озод», «Хўжахонтўра», «Сари Қангли», «Қумурсқа ота», «Қоравой ота», «Жомбой», «Масат ота», «Сайитбой ўғли Вали Халфа» ва «Ҳумсон» жоме масжидлари биноларини кўздан кечирди.
Шу билан бирга, мазкур масжидлар маъмуриятига, усталарга, қурувчиларга ўзларининг зарур тавсия ва маслаҳатларини бердилар ҳамда хайрли дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло Ўз байтини тез орада мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилишиши насиб қилсин.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати