Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш ҳамда уларнинг эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Шу йил 23 сентябрь куни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.
Мулоқотларда масжидлар ва имом-хатиблар фаолияти, оилавий масалалар, умра зиёрати ва бошқа масалаларда батафсил тушунтиришлар берилди. Зарурий эҳтиёжманд мурожаатчиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, келганлар орасида хайрли дуо ва маслаҳат олиш ниятидаги юртдошларимиз ҳам бўлди.
Кўрсатилган алоҳида эътибор ва муаммоларига ечим топилганидан мамнун бўлганлар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Маълумот ўрнида, аҳоли мурожаатларини тинглашга қаратилган бу каби очиқ қабуллар ҳар чоршанба куни Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ва барча жоме масжидларда имом-хатиблар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати