Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Дарҳақиқат, Кўплаб ҳадиси шарифларда Шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Бир куни мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирорта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?" Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Нафл рўзанинг вақти тонг отгандан қуёш ботгунча. Ҳаво булутли бўлмаганда оддий кўз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини билиб олиш мумкин. Киши тонг отгани ёки қуёш ботганини аниқлай олмаса ёки ҳаво булутли бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланади. Тақвимда “Тонг” деб ёзилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти. Ўша вақтдан кейин еб-ичса, рўзаси дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликдан ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан нафл рўзани ният қилиб, тутиб кетаверади. “Шом” деб ёзилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутган рўзасини бузиб қўяди.
Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан то қуёш ботгунча нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек қилиб ният қилинади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:
اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ
Ўқилиши: "Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту".
Маъноси: Аллоҳим! Ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир танга отамнинг столида ўнлаб йиллар давомида турар эди. Унда Қуръони каримдаги ушбу оят битилганди:
﴿وَٱللَّهُ خَيْرُ ٱلرَّٰزِقِينَ﴾
“Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир” (Жума сураси, 11-оят).
Отам бу оятнинг маъносига қаттиқ ишонарди. Ризқ ҳақидаги эътиқоди ҳар куни такрорлайдиган ушбу дуосида ҳам мужассам эди:
اللهم ارزقني وارزق مني
“Эй Роббим, менга ризқ бер ва мени бошқаларга ризқ етишига сабабчи қил!”.
Бу дуо қалбимга чуқур ўрнашиб қолган. Отам уни менга ёшлигимдан ўргатган ва ҳар доим бундай дерди:
— Ўғлим, доимо: “Эй Роббим, менга ризқ бер ва мени бошқаларга ризқ етишига сабабчи қил”, деб дуо қил. Аллоҳ сени ризқлантирсин ва сен орқали бошқаларни ҳам ризқлантирсин.
Отамнинг бу узлуксиз дуоси ижобат бўлган эди. Чунки Аллоҳ таоло унга кутмаган жойлардан ризқ ато этарди. У эса бу неъматни фақат ўзи учун эмас, балки бошқаларга манфаат етказиш воситаси деб биларди.
Отам доимо яхшилик оқими бўлишга интилар, неъматларни ўзида тўплаб қўйишни истамасди.
Бир куни у фарзандларидан бири учун ер майдони сотиб олмоқчи бўлди. Ўзига маъқул бўлган ерни танлаб, воситачига:
— Бу ерни олдим, — деди.
Воситачи дастлабки келишувни қайд қилиш учун дафтарини чиқарганида, отам:
— Ҳожати йўқ. Бир ҳафта ичида нотариус ҳузурида шартномани расмийлаштирамиз, — деди.
Орадан бир-икки кун ўтиб, унга аввалгисидан ҳам яхшироқ ва уйга яқинроқ бўлган бошқа ер таклиф қилишди. Шунда отам иккиланиб қолди. Чунки аввалги ерни сотиб олишга сўз берган эди.
Унинг олдида икки йўл бор эди: воситачига қўнғироқ қилиб, узр сўраб, янги ерни олиш ёки берган сўзида туриш.
Кўпчилик эҳтимол биринчи йўлни танларди. Ахир келишув ҳали оғзаки эди, расмий шартнома тузилмаган, орадан икки кунгина ўтган эди.
Лекин отам бошқача қарор қилди. У берган сўзига вафо қилиб, биринчи ер майдонини сотиб олди.
Бу воқеани эшитганимда отамдан сўрадим:
— Ота, воситачига қўнғироқ қилиб, узр сўрасангиз бўлмасмиди? Ахир ҳеч ким зарар кўрмасди-ку.
У жавоб берди:
— Йўқ, бўлмайди. Мен инсонга берган ваъдамни бузган бўлардим.
Мен:
— Лекин бу унчалик катта масала эмас-ку, — дедим.
Шунда у менга ҳаётим давомида унутмайдиган бир гапни айтди:
— Ўғлим, инсоннинг қадри унинг сўзи билан ўлчанади. Доимо сўзингнинг қадрига ет. Сўзи енгил одамлардан бўлма!
Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, оғзаки айтилган сўзни ҳам имзоланган шартнома каби мажбурият деб биларди. Унинг наздида сўз — шартнома эди.
Орадан вақт ўтди. Кейинчалик отам сотиб олган ўша ер майдони учун анча юқори нарх таклиф қилинди. У ерни яхши фойда билан сотди ва яна кутмаган жойдан ризқ эшиклари очилди.
Бу воқеадан катта сабоқ олдим.
Менинг ишончим шундаки, инсон ҳатто оғзаки бўлса ҳам ваъдасига вафо қилишга ҳаракат қилса ва бошқаларнинг ризқига сабаб бўлишни истаса, Аллоҳ таоло унга кутмаган жойлардан барака ва ризқ ато этади.
“Кутмаган жойдан” дегани шуки, инсон қанча режа тузмасин, ҳисоб-китоб қилмасин, ризқ баъзан умуман ўйламаган томондан келади. Гўё бу яхшиликка берилган илоҳий мукофотдек.
Қуръони каримда марҳамат қилинганидек: “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”.
Отам энди орамизда йўқ. Аммо унинг ҳаёти, сўзга вафоси ва инсонларга қилган яхшиликлари ҳамон қалбимизда яшайди.
У ҳақида қанча шеър ёзмай, қанча гапирмай, унинг ҳақиқий қадрини тўлиқ ифода этиб бўлмайди.
Унинг вафотидан кейин кўз ёш тўкишдан кўра, ҳаётидан ибрат олиш муҳимроқ. Чунки инсонни абадий яшатадиган нарса – унинг ортидан қолган яхши номи ва эзгу амалларидир.
Даврон НУРМУҲАММАД