Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Ноябр, 2024   |   21 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:57
Қуёш
07:20
Пешин
12:14
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
22 Ноябр, 2024, 21 Жумадул аввал, 1446

Ислом тарихи: УМАР ИБН ХАТТОБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

15.03.2021   13598   38 min.
Ислом тарихи: УМАР ИБН ХАТТОБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

ИККИНЧИ ФАСЛ

УМАР ИБН ХАТТОБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 13 йил 21 жумодул охирдан 23 йил 26 зулҳижжагача; милодий 634 йил 21 августдан 644 йил 2 ноябргача)

 

Ҳазрати Умарнинг насаблари ва дастлабки ҳаётлари

У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулъуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай Қураший Адавийдир. У киши ўзларининг саккизинчи боболарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ила туташадилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кучли ва шиддатли бўлганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Абу Ҳафс деган куня берганлар. Бу «шер, арслон» деган маънони англатади.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга яна «Форуқ», яъни «Ҳақ ила ботилни ажратувчи» деган лақабни ҳам берганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн уч йил кейин туғилганлар.

У кишининг оталари – Хаттоб ибн Нуфайл.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг оналари Ҳантама бинт Ҳошим ибн Муғийра Махзумия бўлиб, у киши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амакиларининг қизлари бўлган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ёшликларидан жасурлик, мардлик ва жоҳилият ҳаёти руҳида тарбия топган эдилар.

У киши жоҳилият даврида Қурайшнинг ашрофларидан ҳисобланиб, уларга элчилик вазифаси топширилган эди. Орада уруш чиқиб қолса, у киши элчилик қилар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу новча, жуссадор, оппоқ, икки ёноқлари қизил одам бўлганлар.

Умар розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари қиссасини Ибн Саъд, Абу Яъло, Ҳоким ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бир куни Умар қиличини яланғочлаб чиқди. Унга йўлда Бану зуҳралик бир киши учраб қолди ва: «Қаерга кетяпсан, эй Умар?» деб сўради.

«Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман», деди Умар.

«Муҳаммадни ўлдирсанг, Бану Ҳошим ва Бану Зуҳрадан қандай эмин бўласан?» деди ҳалиги одам.

«Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан?!» деди Умар.

«Сенга ажиб бир ran айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқишди! Ҳа, сенинг динингдан чиқишди!» деди.

Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Уларнинг ҳузурида Хаббоб ибн Арат бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уйнинг ичига беркиниб олди. Умар кирди ва: «Бу шивир-шивир нима?!» деди.

Улар Тоҳони қироат қилишаётган эди. Иккиси: «Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ», дейишди.

«Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?!» деди. Шунда куёви унга: «Эй Умар, агар ҳақ сизнинг динингиздан бошқада бўлса...» дейиши билан Умар унга ташланиб, босиб олганча ура бошлади. Синглиси уни эридан нари қилиш учун келди. У синглисини ҳам уриб, юзини қонга белади. Ғазабланган сингил: «Агар ҳақ сизнинг динингиздан бошқада бўлса, мен «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» деб гувоҳлик бераман», деди. Шунда Умар: «Узингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи», деди. У ўқишни биларди. Синглиси: «Сиз нопоксиз. Буни фақатгина покланганлар ушлайдилар. Туринг, ғусл қилиб келинг», деди.

У туриб ғусл қилиб келди. Сўнг ёзилган нарсани олди.

У Тоҳо сурасидан

«Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қил ва Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» (14-оят)гача ўқиди ва: «Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар», деди. Умарнинг гапини эшитиб, Хаббоб беркинган жойидан чиқди ва: «Эй Умар, хурсанд бўл. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайшанба кечасидаги «Аллоҳим! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин», деб қилган дуолари сен хақингда қабул бўлишини орзу қиламан», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Талҳа ва бошқалар турган эдилар.

Ҳамза розияллоҳу анҳу: «Ана Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни ўлдириш осон кечади», дедилар. 1

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. (Сўнг) чиқиб, Умарнинг олдига келдилар. Унинг ёқасидан ва қиличбоғидан тортиб туриб: «Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?!» дедилар. Умар: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва расулуҳ!» деди» («Тарихи хулафо»).

Ушбу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар бутун атрофни бошларига кўтариб, овозларининг борича «Аллоҳу акбар!» дея такбир айтдилар. Ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми?» дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақдамиз», дедилар.

«Ундай бўлса, нимага беркинамиз?!» дедилар Умар.

Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб, очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни ҳазрати Ҳамза, иккинчисини ҳазрати Умар бошлаб борар эдилар.

Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб, ичларидан зил кетишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга «Форуқ» лақабини ўша куни бердилар.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганининг олтинчи йили зулҳижжа ойи эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўттиз иккида эди. Бундан уч кун олдин Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган эдилар.

Умар розияллоҳу анҳунинг ҳижратлари

Мадинага ҳижрат қилиш бошланди. Мусулмонлар бирин-кетин ҳижрат қила бошладилар.

Ҳамма мушриклардан қўрқиб, яширинча ҳижрат қилди. Фақат бир киши, яъни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугина ошкора ҳижрат қилдилар. У киши ҳижрат қилишга қарор қилганларидан сўнг кийимларини кийиб, қуролларини тақиб, бемалол Байтуллохди етти марта айланиб, тавоф қилдилар. Мақоми Иброҳимда икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнг: «Ким онасини азадор, хотинини тул, боласини етим қолдирмоқчи бўлса, менга манави водийнинг ортида учрашсин. Мен ҳижрат қилмоқчиман!» дедилар.

Ҳеч ким чурқ эта олмади.

Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг Расули маслаҳат қиладиган, машварат сўрайдиган саҳобалардан эдилар. Баъзи вақтларда ҳазрати Умарнинг фикрларини қўллаб оятлар ҳам нозил бўлар эди. Масалан, Бадр урушидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига асирларни нима қилиш кераклиги тўғрисида маслаҳат қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу уларнинг барчасини ўлдиришни маслаҳат бердилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу улардан фидя олиш кераклигини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг маслаҳатини олдилар. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларини қўллаб, Анфол сурасидаги бир оятни нозил қилди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам итоб қилинган эдилар.

«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши тўғри эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи нарсасини ирода қиласизлар. Аллоҳ эса охиратни ирода қиладир. Аллоҳ азиздир, ҳакимдир» (67-оят).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хамрнинг ҳаром қилинишини орзу қилар эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда оят нозил қилганида, у киши хотиржам бўлдилар.

Шунингдек, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аёллар масаласида, хусусан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари борасида хижобнинг фарз бўлишини истар эдилар. Ҳижоб ояти нозил бўлиб, у кишининг кўнгидлари таскин топди.

Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқишни ирода қилдилар, Умар розияллоҳу анҳу у зот билан тортишдилар, муноқаша қилдилар. Шундан кейин Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларини қўллаб, Тавба сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилди:

«Ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма, чунки улар Аллоҳга ва Унинг расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар» (84-оят).

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этдилар. У эса барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида турар, ҳеч ажрамас, у зотни мудофаа қилиб, ёмонликлардан, хавф-хатарлардан тўсар эдилар.

У киши ўзлари ижтиҳод қилмас, балки Аллоҳ ва Расулининг ҳар бир каломини ҳарфма-ҳарф бажарар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу бу борада Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейинги иккинчи саҳоба ҳисобланар эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Умар розияллоҳу анҳу у кишининг энг яқин маслаҳатчилари, давлат ишларини юритишда ўнг қўллари бўлдилар.

Умар розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, вафотлари яқинлашганини ҳис қилганларида, мусулмонлар ичида ихтилоф чиқмаслиги учун аввалдан халифа тайинлаб қўйишни ирода қилдилар ва у киши ҳазрати Умарни ихтиёр этдилар. Катта саҳобалар билан маслаҳатлашган эдилар, улар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар, сўнг мусулмонлар ҳам байъат қилишди. Бир неча кун ўтиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот қилдилар.

 

ФАТҲЛАР

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида бутун асрларга татигулик катта исломий фатҳлар бўлди. Бу даврда румликлар Шомдан қувиб чиқарилди.

Сўнг Форс империяси бутунлай ағдарилди. Сўнгра кураш Миср, шимолий Африқо ва Ўрта ер денгизи ороллари томон кўчди.

  1. Шом юртларидаги фатҳлар (бу «Ғарбий жабҳа» ҳам дейилади)

Дамашқ ва бошқа шаҳарларнинг фатҳ қилиниши

Дамашқ фатҳидан сўнг Ислом лашкарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг қўмондонликларида Шомнинг бошқа шаҳарлари томон юрдилар. У киши билан бирга Холид ибн Валид ҳам бор эдилар.

Мусулмон лашкарлар бирин-кетин Биқоъ, Баълабакка, Фихд, Байсон, Табарийя, Ҳимс, Қиннасрин, Қийсорийя, Ажнодин, Қуддус, Насибийн ва бошқа шаҳарларни фатҳ қилдилар.

Байтул мақдис фатҳи

Сўнг Ислом лашкарлари Байтул мақдисни қамал қилдилар. У ернинг ҳокимлари олдларига Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари келишлари, шундагина таслим бўлишларининг хабарини беришди. Ҳазрати Умар Шомга келдилар. Шундан кейин улар Байтул мақдиснинг калитларини у зотга топширишди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу улар билан жизяга сулҳ туздилар. Мусулмонлар билан Масжидул Ақсода намоз ўқидилар.

Сўнг Ҳалаб фатҳ этилди. Кейинроқ Манбиж, Антокия, Ҳаррон, Руҳо ва бошқа шаҳарлар ҳам уруш билан эмас, сулҳ билан фатҳ қилинди.

Шом юртлари соҳилларининг фатҳ қилиниши

Соҳилдаги шаҳарларни фатҳ қилишга Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг буйрукдари билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бошчилик қилдилар. У киши Сур, Сайдо, Байрут, Тароблус шаҳарларини фатҳ қилдилар. Шу билан Шом юртларининг барчаси мусулмонларнинг қўлига ўтди. Румликлар ҳайдаб чиқарилди, Сурия ва Фаластин фатҳи тугал бўлди.

Миср фатҳи

Сурия ва Фаластин фатҳидан кейин, энди Мисрни фатҳ қилиш учун юриш керак эди.

Ўша пайтларда Миср Румга бўйсунар, Миср фатҳ қилинмаса, мусулмонларнинг иши қарор топиши мумкин эмас эди. Шундай бўлди ҳам.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Фаластинни фатҳ қилганидан сўнг Умар розияллоҳу анҳудан Мисрни фатҳ қилишга изн сўрадилар, у киши рози бўлдилар.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрдилар. У киши одамларга Исломни қабул қилиш, жизяга кўниш ёки уруш – учтасидан бирини танлашни таклиф қилдилар. Мусулмонлар барча жанглардан олдин мана шу таклифларни қилар эдилар.

Мисрликларга жизя фарз қилинди. Сўнг мусулмонлар юришда давом этиб, Искандарияни – Муқавқиснинг қароргоҳини фатҳ қилдилар. Ўша вақтда Искандария Мисрнинг пойтахти эди. Мусулмонлар Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг чодирлари атрофида Фустот шаҳрини қурдилар. Шунингдек, бошқа шаҳарларни ҳам фатҳ этиб, уларнинг барчасига жизяни фарз қилдилар.

Шундай қилиб, Миср Ислом халифалигига қарашли ерларга айланди.

Ливиянинг фатҳ қилиниши

Сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ғарб томон юриб, Барқани, сўнгра Зувайлани, Тароблус, Соброта ва Шурусни фатҳ қилдилар.

Шу ерга келганда Умар розияллоҳу анҳу ғарб томонга юришни ман қилиб, у кишини тўхтатдилар.

  1. «Шарқий жабҳа» – Форсдаги фатҳлар

Дамашқни фатҳ қилгандан сўнг Холид ибн Валиднинг лашкари халифанинг амри билан Ироққа қайтди. Ҳазрати Умар Абу Убайд ибн Масъуд Сақафий қўмондонлиги остида лашкар ҳам юбордилар. Сўнг яна Жарир Бажалий амирлигида мадад кучлари жўнатдилар. Уларнинг барчаси Куфа томон юриб, бирлашдилар ва Форс лашкарлари билан тўқнашдилар. Мусулмонлар форсларни мағлуб этдилар.

Намориқ жанги

(ҳижрий 13 йил; милодий 634 йил)

Абу Убайд Сақафий розияллоҳу анҳу форслар билан Ҳийра ва Қодисия орасидаги Намориқ деган жойда тўқнашдилар. Уларга қақшатқич зарба бериб енгдилар. Форслар Мадоинга қочиб кетишди.

Кўприк уруши

(ҳижрий 13 йил шаьбон ойи; милодий 634 йил)

Сўнг мусулмонлар форсларнинг Жолинус исмли лашкарбошисининг аскарлари билан жанг қилиб, уларни ҳам енгдилар.

Жолинус Рустамнинг олдига қочиб борган эди. У Баҳман бошчилигида катта лашкар тайёрлади. Абу Убайд Ҳийрага қайтиб борди. Форслар Фурот дарёсининг нариги тарафига келиб тушиб, кўприк ўрнатдилар.

Шиддатли жанглар бўлди. Бу жангда қўмондон Абу Убайд шаҳид бўлдилар. У кишидан кейинги қўмондонлар ҳам шаҳид бўлишди. Охири қўмондонликни Мусанно ибн Ҳориса қабул қилиб олиб, урушни давом эттирди. У мусулмонларни майдондан олиб чиқди. Мусанно ибн Ҳориса жуда қаттиқ жароҳатланди. Ўша ерда кўпгина мусулмонлар қатл қилиниб, дарёга ғарқ бўлдилар.

Бувайб жанги

(ҳижрий 13 йил Рамазон ойи; милодий 634 йил)

Бу жой Куфага яқин эди. Мусаннонинг қўмондонлигида мусулмонлар форслар устидан жуда катта ғалаба қозондилар.

Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қўмондонлигида мадад қучлари, шунингдек, халифа Умар розияллоҳу анҳунинг буйруғи билан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу умумий лашкарбоши этиб тайинланганлари ҳақидаги хабар ҳам етиб келди.

Катта Қодисия жанги

(ҳижрий 16муҳаррам ойи; милодий 637 йил)

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Ислом лашкари билан етиб келдилар. У киши Қодисияга лашкаргоҳ қурдилар. Форснинг подшоси Яздажир ўзининг қўмондони Рустамни бир юз йигирма минг жангчи билан юборди. Уларнинг орқасидан яна шунча мадад кучларини ҳам жўнатди. Саъд розияллоҳу анҳу Рустамга элчилар юборди. Элчилар унга Исломни, жизяни ва урушни таклиф қилишди. Мазкур элчилар Исломнинг иззатини намоён қилдилар. Улар Рустамга айтган гапларининг орасида: «Биз сизларни бандаларга бандалик қилишдан Аллоҳ таолога бандалик қилишга чиқариш учун келдик», дейишди. Яна улар: «Биз Аллоҳ таоло берган ваъдага биноан келдик», дедилар. Бу сўзлар форсларнинг руҳиятини заифлаштирди.

Жанг бошланди. Шиддатли жанг тўрт кун давом этди. Шунда форслар улкан филларни ишга солишди. Мусулмонлар эса филларнинг кўзларини ўйиб олдилар. Сўнг филлар форслар томон юриб, уларни пароканда қилди. Жанг мусулмонларнинг буюк ғалабаси билан тугади. Тўқнашувда форсларнинг кўпгина аскарлари ва уларнинг бошлиғи ўлдирилди. Мусулмонлар жуда ҳам кўп ўлжаларни қўлга киритдилар ва халифага бу тўғрида суюнчи хабар юбордилар.

Форс империясининг битирилиши

(Бошца шаҳарлар ва пойтахтнинг фатҳ қилиниши) Мусулмонлар Мадоин томон юрдилар. Улар форсларнинг бир қанча лашкарлари билан тўқнашиб, уларни мағлуб этдилар. Форслар охири бориб Мадоиндаги Баҳурасир шаҳрини ўзларига қалъа қилиб олишди. Сўнг Мадоиннинг ичкарисига қараб қочишди. Мусулмонлар уларнинг ортидан қувиб бордилар.

Мадоиннинг фатҳ қилиниши

(ҳижрий 16 йил сафар ойи; милодий 637 йил)

Мусулмонлар Форс империясининг пойтахти Мадоинга кириб бордилар. Форслар ҳукмдорлигининг маркази ўша ер эди. Кириб борганларида шаҳар бўшаб қолган, чунки Форс подшоҳи Яздажир оиласи билан қочиб кетган эди. Саъд розияллоҳу анҳу оқ қаср – Яздажирнинг қасрига жойлашдилар. Унинг айвонини намозхона қилиб олдилар. Мусулмонлар Яздажирнинг хазиналаридан жуда катта ўлжаларга эга бўлдилар. Саъд розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг Духон сурасидаги қуйидаги оятларни тиловат қилдилар:

«Улар қанчадан-қанча боғу роғларни ва булоқларни қолдирдилар, экинзорларни ва карамли масканни ва ўзлари ичида ҳузур-ҳаловат топаётган нозу неъматларни. Мана шундай! У нарсаларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик. Уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғламади ва улар муҳлат берилганлардан ҳам бўлмадилар» (25-29-оятлар).

Шундай қилиб қадимги Форс империясининг пойтахти ҳам мусулмонлар томонидан фатҳ этилди.

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу пойтахтнинг қулаши Форс империяси бутунлай қулаганини билдирувчи аломат эди.

Жалуло фатҳи

Жалуло Яздажир қочиб борган шаҳар эди. Ўша ерда у билан бирга форслар жамланиб, қўрғон кўтаришган, мудофаа истеҳкомини қуришган эди. Мусулмонлар шаҳарга етиб бориб, уни ҳам фатҳ қилдилар ва буюк зафар қучдилар. Ундан олинган ўлжалар Мадоиннинг ўлжаларидан кам бўлмади.

Сўнг мусулмонлар Ҳулвон, Тикрит, Мовсил, Мосабазон, Аҳвазон, Тустар, Сус, Жундайсобур каби шаҳарларни фатҳ қилдилар.

Мусулмонлар форсларнинг энг катта амирларидан бири Ҳурмузонни тутиб олиб, уни ўлжалар билан қўшиб Умар розияллоҳу анҳуга юбордилар.

Истаҳр фатҳи

Баҳрайн волийси Ало ибн Ҳазрамий халифанинг изнисиз бу шаҳарга денгиз йўли орқали бориб, у ерда форсларни қамал қилди. Умар розияллоҳу анҳу унга мадад кучларини юборди. Мусулмонлар гўзал ғалаба қозониб, шаҳарни фатҳ қилдилар.

«Фатҳларнинг фатҳи» – Наҳованд фатҳи

(ҳижрий 21; милодий 641 йил)

Умар розияллоҳу анҳу Форс урушини охирига етказиш учун ўзлари бормоқчи бўлдилар. Лекин саҳобалар бу таклифни рад қилишгач, Наҳовандга Нуъмон ибн Муқаррин Музанийни ўттиз минг киши билан юбордилар. Форсларнинг аскарлари кўп бўлиб, уларнинг сони юз эллик мингга етган эди. Шу жойда қирғинбарот жанг бошланди. Форслардан юз мингдан ортиқ киши ер тишлатилди, уларнинг қўмондони Ферузон ҳам ўлдирилди. Жанг майдони душман аскарларининг жасадлари билан тўлиб-тошди. Мусулмонларнинг қўмондони Нуъмон ибн Муқаррин Музаний шаҳид бўлдилар.

У кишидан кейин Ҳузайфа ибн Ямон қўмондон бўлдилар. Шундай қилиб, Наҳованд фатҳ қилинди. Бу жуда ҳам улкан ғалаба бўлди. Сўнг мусулмонлар олдинга юришларни давом эттириб, Исфаҳон, Қошон, Қум ва Кирмонни ҳам фатҳ қилдилар.

Мусулмонларнинг Форс давлати ичкарисига тарқалиши

(ҳижрий 22-23; милодий 642-643)

Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг бутун Форсга тарқалиб кетишларини хоҳламас эдилар. У ерда уларнинг зое бўлиш хавфи бор эди. Аммо Аҳнаф ибн Қайс у кишини бу ишга кўндирди. Шундан кейин мусулмон аскарлар Форс ерларига тарқалиб, ичкаригача кириб бордилар.

  1. Нуъайм ибн Муқаррин Ҳамадонни, кейин Райни – Теҳронни фатҳ қилди. Журжон ва Табаристон аҳли билан сулҳ тузди. Озарбайжоннинг баъзи ўлкаларигача етиб бориб фатҳ қилди.
  2. Суроқа ибн Амр Каспий денгизининг ғарбий соҳилларидаги Бобул абвоб – Дарбанд шаҳрини фатҳ қилди. У ҳозирги Доғистоннинг бир бўлаги ҳисобланган.
  3. Аҳнаф ибн Қайс Хуросонни фатҳ қилди,
  4. Усмон ибн Абул Ос Истаҳр, Шероз ва Арманистонни фатҳ қилди.
  5. Осим ибн Амр Тамимий Сижистонни фатҳ қилди.
  6. Суҳайл ибн Адий Кирмонни фатҳ қилди.
  7. Ҳакам ибн Амр Тағлибий Мукронни фатҳ қилди.
  8. Утба ибн Фарқад Суламий Форс юртларининг шимолий ҳудудларини фатҳ қилди.

Шундай қилиб Форс императорлиги бутунлай тугатилди.

 

Мулоҳаза: Форс давлати ҳарбий жиҳатдан қулади. Бироқ улар Исломга қарши фикрий курашни давом эттираверишди. Мана шу нарса Ислом оламининг заифлашишидаги энг муҳим сабаблардан бири бўлди.

Кейинги пайтда пайдо бўлган кўпгина бузғунчи ҳаракатларнинг бош сабабчиси форслар бўлиб, бу омиллар ҳам Исломни парчалашга хизмат қилди. Зиндиқлар ҳаракати, занжийлар ҳаракати, қарматийлар ҳаракати, Синдбод, Муқаннаъ Марвазий Хуросоний, Бобак Хуррамийларнинг ҳаракатлари шулар жумласидандир.

 

ҲАЗРАТИ УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ТИНЧЛИК ЖАБҲАСИДАГИ ОЛАМШУМУЛ ИШЛАРИ

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар халифаси, уларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолиятлари намозга ўтиш, узоқдан туриб шимол тарафда кетаётган фатҳ ишларини бошқаришдангина иборат бўлмаган. У кишининг мақсадлари Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, шариат таълимотлари асосида дунёдаги энг мукаммал, ҳаётнинг барча соҳаларида энг намунали жамият қуришни таъминлаш ҳам эди. Мана шу мақсадга эришиш йўлида у киши ҳар тарафлама ва серқирра фаолият олиб борар эдилар. Милодий XX асрнинг охирларида ғайримусулмон мутахассислар томонидан инсоният тарихида жамиятларга энг кўп фойда келтирган шахсларнинг исм-шарифларидан тузилган рўйхатнинг тўртинчи ўрнида Умар розияллоҳу анҳунинг исмлари келтирилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Қуйида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг оламшумул фаолиятларидан баъзи намуналарни қисқача келтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

 

ҲАЗРАТИ УМАР ВА ИЛМ

Инсон илм-маърифатга эга бўлмасдан туриб, дунё халқлари ичида пешқадам бўлишни хаёлига келтирмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва инсониятга то қиёматгача икки дунё саодатига эришиш йўлларини кўрсатиб борадиган динини, яъни Исломни илм дини қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбар сифатида бу маънони ҳатто энг нозик жойларигача, тўлиқ ҳис қилар эдилар. Шунинг учун ҳам у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ва хусусан, ўзларининг даврларида илмга алоҳида эътибор бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари бежиз бўлмайди. У зот тушларида косада сут ичганлари, ортиб қолганини эса ҳазрати Умарга берганларини кўрганлари ва саҳобаи киромлар бунинг таъвилини сўраганларида илмга йўйганлари ҳаммага маълум. Шу боис ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу илмга ниҳоятда ҳарис эдилар.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, у киши ҳазрати Умардан ривоят қиладилар:

«Менинг Бану Умайя ибн Зайд уруғидан ансорий бир қўшним бор эди. У Мадинанинг юқори тарафидан эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига навбат билан тушар эдик. Бир кун у, бир кун мен тушар эдим. У менга ваҳий ва бошқа хабарларни келтирар эди. Мен ҳам унга шундай хабарларни келтирар эдим».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўладиган илмга қизиқиш бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Ибн Абдулбарр Ҳилол Варроқдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Огоҳ бўлинглар! Энг рост ran Аллоҳнинг каломидир. Энг яхши йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганларидир. Огоҳ бўлинглар! Илм одамларга уларнинг улуғларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар», дер эдилар».

Ҳазрати Умар раҳбар сифатида аҳолининг таълим-тарбиясига катта эътибор берар эдилар. Вақтлари бор бўлса, кишиларга шахсан ўзлари таълим берганлар.

Абдурраззоқ, Ибн Абу Шайба ва Ибн Жарир Табарийлар Ибн Сириндан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо одамларга «Аллоҳга ибодат қиласан. У Зотга ҳеч кимни шерик келтирмайсан. Аллоҳ сенга фарз қилган намозни ўз вақтида ўқийсан. Унга бепарво бўлиш ҳалокатдир. Закотни чин кўнгилдан чиқариб берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Волий этиб тайинланган одамга қулоқ осиб, итоат қиласан» деб Исломни ўргатар эдилар».

Имом Байҳақий ва Асбаҳонийлар Ҳасандан ривоят қиладилар:

«Бир аъробий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: «Эй Умар! Менга динни ўргат!» деди. У: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирасан. Намоз ўқийсан. Закот берасан. Байтни ҳаж қиласан. Рамазон рўзасини тутасан. Ошкораликни лозим тут. Сирдан сақлан. Уятга сабаб бўладиган ҳар бир нарсадан сакдан. Аллоҳга йўлиққанингда «Умар менга шуни амр қилди» деб айт», деди».

Дорақутний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, менга ташахҳудни ўргатди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, «Ат-таҳийяту...» деб ўргатганларини айтди».

Имом Молик, Шофеъий, Таҳовий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Абдурраҳмон ибн Абдул Қориъ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг минбарда туриб, одамларга «Аттаҳийяту лиллааҳи...» деб ташаҳҳудни ўргатаётганларини эшитганини айтган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбар сифатида аҳолининг таълим борасидаги ишларига катта аҳамият берар эдилар. У киши аввало пойтахтнинг ушбу соҳадаги ишларига алоҳида эътибор қаратганлар.

Ибн Саъд Басрий Қосимдан ривоят қилади:

«Умар барча сафарларда ўз ўрнига Зайд ибн Собитни қўйиб кетардилар. У киши одамларни турли юртларга муҳим ишлар билан юборар эдилар. Одамлар у кишидан Зайд ибн Собитни сўрашса: «Зайднинг мартабаси эсимдан чиққани йўқ. Лекин юрт аҳли Зайдга муҳтождир. Улар Зайднинг айтиб берадиган нарсаларини бошқа одамдан топа олмайдилар», дер эдилар».

Ибн Саъд Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади:

«Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу вафот қилган куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга эдик.

Мен: «Бугун одамларнйнг олими вафот қилди», дедим.

У: «Аллоҳ уни бугун раҳмат қилсин! У Умарнинг халифалигида одамларнинг олими ва илм денгизи эди. Умар уни турли юртларга юборди ва ўз фикрларидан фатво айтишдан қайтарди. Зайд ибн Собит Мадинада ўтириб, Мадина аҳлига ва келганларга фатво берар эди», деди.

Ҳазрати Умарнинг Мадина аҳлига устоз бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни эҳтиром қилишлари ва унга таълим учун шароит яратиб беришлари ниҳоятда катта ran эди. Раҳбар илмга бу даражада аҳамият берган жойда илм албатта ривож топади. Ҳазрати Умарнинг олим одамга бошқа турли юмушларни буюрмай, унга таълим ишлари учун шароит яратиб беришлари, уни ўз ўринларига қўйиб кетишлари ўша вақтда Мадинаи мунавварада илмнинг ривож топиши учун катта омил ҳисобланган.

Ушбу ривоятга диққат билан назар ташласак, ҳазрати Умарнинг яна бир улкан даҳоликларини кўрамиз. У кишининг ўзлари катта олим бўлганлари учун илм соҳиблари ила муомала қилишни ўрнига қўйганлар. Ҳазрати Умарнинг ташқарига иш билан кетган саҳобаи киромларга фатво беришга изн бермаганлари катта ҳикматга молик ишдир. Бу билан марказдан, раҳбарнинг назаридан узоқда бўлган кишиларнинг ўз шароитларидан келиб чиқиб, бир юртда, бир вақтда ва бир хил масалада ҳар хил фатво бериб қўйишларининг ҳамда ихтилоф чиқишининг олдини олганлар.

Шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг бошқа тарафларига ҳам илм тарқатишга катта аҳамият берганлар.

Ибн Саъд Басрий Ҳориса ибн Музаррибдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Куфа аҳлига ёзган мактубини ўқидим: «Аммо баъд: Мен сизларга Амморни амир, Абдуллоҳни муаллим ва вазир қилиб юбордим. Иккови ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатли саҳобаларидан. Уларга қулоқ осинг ва эргашинг. Мен Абдуллохни ўзимга олиб қолмай, сизларга илиндим».

Ибн Саъд Абул Асвад Дуалийдан ривоят қилади:

«Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажуд розияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Басра ахдига фиқҳни ўргатиш учун юборган экан».

Демак, ҳазрати Умар ўзлари бошқарган Ислом жамиятининг вилоятларига амирлар кўйишга қанчалик эътибор берсалар, таълим ишларига ҳам шунчалик эътибор берганлар. У киши таълим ишларига масъул кишиларни вазир даражасига кўтарганлар. Гоҳида ўзларига керак бўлиб турган етук мутахассисларни ҳам вилоятларга юборганлар. Куфа ва Басра шаҳарларининг кейинчалик катта илм марказларига айланишига ҳазрати Умар сабабчи бўлганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Ибн Саъд, Ҳоким ва имом Бухорий «Тарихи сағир»да мухтасар қилиб, Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ансорлардан беш киши, яъни Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каъб, Абу Айюб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳулар Қуръонни жамлаган, яъни тўлиқ ёд олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида унга Язид ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу: «Шом аҳли кўпайиб, шаҳарларни тўлдирдилар ва ўзларига Қуръон, фиқҳ ўргатадиган кишиларга муҳтож бўлдилар. Эй мўминларнинг амири, менга уларга таълим берадиган кишилардан ёрдам беринг»,  деб ёзди.

Умар ҳалиги беш кишини чақириб, уларга: «Шомлик биродарларингиз мендан уларга Қуръондан таълим берадиган ва динни ўргатадиган кишилардан ёрдам беришни сўрадилар. Аллоҳ хайрингизни берсин, сизлар ўзингиздан учтангиз ила менга ёрдам беринглар. Агар хоҳласангиз, қуръа ташланглар. Агар учтангиз кўнгилли бўлиб чиқсалар, чиқсинлар», дедилар. Улар: «Қуръа ташлашга ҳожат йўқ. Бу киши қариб қолган», дейишди Абу Айюбни кўрсатиб. «Бу киши эса бемор», дейишди Убай ибн Каъбни кўрсатиб. Муоз ибн Жабал, Убода ва Абу Дардолар чиқишди. Умар: «Ҳимсдан бошланглар. У ерда турли-туман одамларни учратасизлар. Уларнинг ичида Қуръонни шоша-пиша ёдлаб оладиганлари ҳам бор. Қачон шундайларни кўрсангиз, уларга (Қуръонни тўғри ўқишни ўргатиш учун) бир тоифа одам юборинглар. Қачон улардан (уларнинг Қуръон ўқишидан) рози бўлсангиз, у ерда бир киши қолсин. Бир киши Дамашққа борсин, бошқаси Фаластинга», дедилар.

Улар Ҳимсга бориб, у ердагиларнинг ўқишидан рози бўлгунларича турдилар. Кейин у ерда Убода қолди. Абу Дардо Дамашққа, Муоз эса Фаластинга кетди.

Муоз Амвосда ўлат тарқалган йили вафот этди. Кейин Убода Фаластинга бориб, ўша ерда вафот топди. Абу Дардо ҳам вафот этгунча Дамашқда турди».

Бу ерда ҳам вилоят раҳбарининг, ҳам давлат раҳбари ва таълим бўйича масъул кишиларнинг фидокорликлари намоён бўлмоқца.

Язид ибн Абу Суфён ўз вилоятидаги илмий ишларнинг ривожи ҳақида қайғуриб, раҳбардан ёрдам сўрамоқдалар. Эътибор берайлик-а, у киши хазина учун қўшимча маблағ сўраётганлари йўқ, миршаблик ёки жосуслик учун одамлар сўраётганлари йўқ. Шом ўлкаси аҳолисига илм ўргатиш учун олимлар сўрамоқдалар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу масаланинг ва ўлканинг аҳамиятини яхши билганлари учун у ерга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни жамлаган ва тўлиқ ёд олиб ўзлаштирган улуғ саҳобаларни юбормоқдалар. Уларни чақириб, ёлвориш оҳангида муомала қилмоқдалар. Ҳазрати Умарнинг уларга ёлворишлари, ишга борувчиларни қуръа ташлаб аниқлашни маслаҳат беришлари – ҳамма-ҳаммаси бу ишнинг нечоғлик машаққатли иш эканини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам ишга кетаётган зотларга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари алоҳида маслаҳатлар бермоқдалар.

Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумнинг илм йўлидаги фидокорликларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Улар ўзларининг қари ва бемор шерикларини эҳтиром қилиб, барча оғирликни ўзларига олдилар ва бу машаққатли ишни умрларининг охиригача шараф билан адо этдилар.

Ҳимс, Дамашқ ва Фаластиндан ҳозиргача тинимсиз машҳур уламолар етишиб чиқмоқца. Бунга эса юқорида исмлари зикр этилган азиз инсонлар асос солган бўлсалар, ажаб эмас.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари олим бўлганлари учун илм ва илм олиш қоидалари ҳамда одобларини жуда яхши билар эдилар. Кишиларни ҳам ўша қоидаларга амал қилишга чорлар эдилар.

Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб: «Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъбнинг олдига келсин. Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собитнинг олдига келсин. Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабалнинг олдига келсин. Ким мол-дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», дедилар».

Ҳар қандай илмни ўз мутахассисидан олиш керак. Саҳобаи киромлар ичида ҳам маълум илм билан шуҳрат топган кишилар бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг раҳбар сифатида бундай кўрсатма беришлари катта аҳамиятга эга эди. Ана шу кўрсатмаларга амал қилинса, жамиятнинг илмга ажратган маблағи ҳам, мутахассисларнинг илмдари ҳам зое кетмайди. Жамиятнинг ривожи учун зарур бўлган мутахассисларга эса етарли даражада илм берилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу олим шахс сифатида илм нима, олим ким, уларга қандай муомалада бўлиш керак буларни жуда яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам у кишининг илм бўйича раҳбар сифатида олиб борган сиёсатлари ғоят муваффақиятли чиққан.

Имом Аҳмад ва Ибн Абдулбаррлар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Шу билан бирга илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Узингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинглар. Жаббор уламо бўлмангки, жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин».

Раҳбари «Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар» деб турган жамиятда илм ривож топмаса, қаерда ривож топиши мумкин?

Раҳбари «Илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар» деб турган жамиятда уламолар виқорли ва сокин бўлмасалар, қаерда бўлишлари мумкин?

Раҳбари «Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинг» деб турган жамиятда олимларгаю толиби илмларга нисбатан тавозели бўлинмаса қаерда бўлиши мумкин?

Раҳбари «Жаббор уламо бўлманг» деб турган жамиятда бир-бирини ғажийдиган, илмга ва олимларга бало бўладиган жабборлар йўқ бўлмасдан, қаерда йўқ бўлсин?

Раҳбари «Жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин» деб турган жамиятда илм соҳиблари билмагани билганидан кўп эканини тушуниб етиб, доимий равишда илмий изланишда бўлмаса, бошқа қаерда бўлиши мумкин?

Ҳа, ким олим-у, ким олим эмаслигини билган юртдагина, ҳақиқий олим қадр топган юртдагина илм ривожланади ва ўша юрт илмий асосда тараққий этади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу буюк олим эдилар. У кишининг илмларига ҳамма саҳобаи киромлар ҳам тан берар эдилар.

Табароний Абу Воилдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Агар Умар розияллоҳу анҳунинг илми тарозининг бир палласига, қолган одамларнинг илми тарозининг иккинчи палласига қўйилса, унинг илми оғир келар эди», деди.

Вакийъ айтади: «Аъмаш: «Мен буни инкор қилиб, Иброҳимнинг олдига бориб айтдим. У: «Бунинг нимасини инкор қиласан? Аллоҳга қасамки, Абдуллоҳ бундан афзалини ҳам айтган: «Умар кетган куни илмнинг ўндан тўққизи кетди», деган», деди».

Табароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган узун ривоятда жумладан: «Умар Аллоҳни энг билувчимиз, Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқиганимиз ва Аллоҳнинг динида энг фақиҳимиз эди», дейилган.

Ибн Саъд келтирган ривоятда Мадина ахдидан бир киши: «Умарнинг олдига бориб қарасам, фақихдар унинг олдида ёш болага ўхшаб турибдилар. У ўз илми ва фиқҳи ила улардан устун эди», деган.

Ким «Ҳазрати Умар фақат исломий, яъни Қуръон, ҳадис, фиқҳ каби илмларгагина эътибор берган» деб ўйласа, катта хато қилган бўлади. Ҳазрати Умар ўз даврларидаги жамият учун фойдали бўлган барча илмларга бир хил муносабатда бўлганлар.

Ибн Абу Шайба ва Ибн Абдулбаррлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан илм ҳақида у кишининг ўзлари айтган қуйидаги гапларни ривоят қиладилар: «Ушбу юлдузлар ҳақида қуруқлик ва сув зулматларида йўл топадиган нарсангизни ўрганинг, қолганидан тийилинг», яъни «Юлдузларни ўрганиш жамият ҳаёти учун фойда берадиган ўрганиш бўлсин, фолбинлик учун бўлмасин», Ҳазрати Умарнинг «тийилинг» деганлари шу маънони англатади.

Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар: «Юлдузлар ҳақида қуруқлик ва сув зулматларида йўл топадиган илмни ўрганинглар, насаблар ҳақидаги илмни ўрганинглар», деганлар.

Бунда насл-насаб илмини ўрганишга ҳам тарғиб бор. Уша вақтда, ўша жамиятда бор илмларнинг ўзи ҳам шу эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳулардан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бошқа соҳалар қатори илм соҳасида ҳам ўзларига юклатилган масъулиятни шараф ила адо этганлар десак, заррача муболаға бўлмайди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ;

КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

#Янгиликлар “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (22.11.2024)

22.11.2024   570   1 min.

Жумодул аввал ойининг навбатдаги ҳафтасида рўй берган диний-маърифий соҳадаги муҳим янгиликлар билан танишинг!

00:00 Анонс
00:51 Ўзбекистоннинг бағрикенгликда бошқа давлатларга намуна экани эътироф этилди
01:35 Муфтий ҳазрат талабалар билан дилдан суҳбат қилдилар
02:16 Пойтахтда ўтказилган амалий тадбирлар аҳоли учун манфаатли бўлди
03:29 Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
03:58 Самарқанд ва Қашқадарё имомларининг малакаси оширилди
04:43 Наманганда диний бағрикенглик  бўйича йиғилиш бўлиб ўтди
05:19 Имом Доримий меросига бағишланган танлов ғолиблари тақдирланди
05:37 Имконияти чекланганлар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат
06:13 Муфтий ҳазратлари бугун "Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” масжидига бордилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

#Жумадан_жумагача