Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Май, 2026   |   17 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:45
Қуёш
05:16
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:28
Хуфтон
20:52
Bismillah
05 Май, 2026, 17 Зулқаъда, 1447

Энг яхши ва энг ёмон одам

14.05.2024   2063   4 min.
Энг яхши ва энг ёмон одам

Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани” – дедилар. У: “Инсонларнинг қайсиниси ёмон” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умри узоқ бўлиб, амали ёмон бўлгани” – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Саҳобий розияллоҳу анҳум Ислом шарафига эришгач, дин ва дунёси учун муҳим бўлган амалларга алоҳида эътибор берганлар. Ҳар икки дунёлари учун фойдали нарсаларни билиб ўрганиб уларга амал қилишга ҳамда зарарли нарсалардан хабардор бўлиб, улардан узоқ бўлишга интилганлар. Уларнинг мана шу қизиқиш ва интилишлари уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Энг афзал амал қайси?”, “Кимга кўпроқ яхшилик қилай?”, “Нима қилсам жаннат аҳлидан бўламан?”, “Жаннатга сабаб бўладиган амаллар қайсилар?”, “Инсонларнинг энг яхшиси ким?” каби саволларни беришга ундар эди. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир саҳобийнинг ёши, ҳолати, имкониятига қараб ёки Исломга янги кирганлигини ҳисобга олган ҳолда жавоб берар эдилар.

Ушбу ҳадисда ҳам бир саҳобий Пайғамбаримиздан “Энг яхши инсон қандай бўладию, ёмон инсон қандай бўлиши” ҳақида сўради. Пайғамбаримиз унга жавобан узоқ умр кўриб ўша узоқ умри давомида яхши солиҳ амалларни кўп-кўп қилиб, натижада савобларини кўпайтириб олган киши инсонларнинг энг яхшиси бўлишини айтдилар. Ўз ўрнида узоқ умр кўришдек имкониятдан тўғри фойдаланмасдан бутун умрини ёмонлик билан ўтказган инсон энг ёмон инсон бўлиб қолишини таъкидладилар. Пайғамбаримиз ушбу жавоблари билан инсон ҳаётининг мазмунини белгилаб бердилар.

Дарҳақиқат инсон ҳаётга келар экан қачон, қаерда, қайси ҳолатда вафот этишини билмайди. Зеро, узоқ ёки кам умр кўриш Аллоҳдан бўлиб, инсоннинг ихтиёрида бўлмаган ишдир. Чунки умрлар Аллоҳнинг қўлидадир. Инсоннинг имконида бори эса, ўша умрида яхши амал қилиб қолишидир. Чунки Аллоҳ таоло инсонга ақл берган, китоблар нозил қилган, Пайғамбарлар юборган, далилларни баён қилган. Ҳар бир инсоннинг солиҳ амал қилишга имконияти бор.

Шу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи солиҳ амаллар инсоннинг умри узайишига сабаб бўлишини айтганлар. Анас ибн Молик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда: “Ким ризқи кенг умри узоқ бўлишини хуш кўрса қариндошларига яхшилик қилсин” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Инсонларнинг яхшиси умри узоқ бўлиб, амали гўзал бўлгани экан, доимо, Аллоҳдан умри узоқ, амали солиҳ бўлган бандалардан қилишини сўраши лозим. Мана шундан яхши амалларсиз кўрилган узоқ умрда инсон учун яхшилик йўқлиги маълум бўлади. Чунки гоҳо узоқ умр инсон учун ёмон ва зарар бўлиб қолиши мумкин. Шу сабабдан баъзи уламолар Аллоҳдан қуруқ узоқ умр эмас, балки тоат ибодатда яхши амаллар узра ўтадиган узоқ умрни сўраши лозим бўлади, дейишган.

Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ инсон умридаги лаҳзаларни тижоратчининг сармоясига ўхшатиб шундай дейди: Албатта, лаҳзалар ва вақтлар тижоратчининг сармоясига ўхшайди. Тижоратчи фойда кўрадиган ишларида тижорат қилади. Сармояси қанча кўп бўлса, кўрадиган фойдаси ҳам шунча кўп бўлади. Ҳудди шу каби инсон ҳам умридан яхши амаллар қилиб фойдаланиб қолса, муваффақиятга эришади. Ким (вақтини) сармоясини зое қилса, фойда кўрмай очиқ зиёнда қолади.

Мусулмон инсон ўлимни орзу қилмайди. Чунки у ўзига берилган узоқ умрни яхши савобли ишлар қилишга имконият деб қабул қилади. Умрини ўзининг яхши ишлари билан халқига, динига ва ватанига фойдаси тегадиган тарзда ўтказади. Натижада, Аллоҳнинг розилигига, халқининг дуосига эришиб, охиратда ҳам юзи ёруғ бўлади.

Аллоҳ барчамизни узоқ умр кўриб, ўша узоқ умр давомида яхши амалларга муваффақ қилишини ҳамда оқибатларимизни ҳам гўзал бўлишини насиб қилсин.

Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Тошкент Ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қурбонлик ҳайвонларини масхара ва мазах қилишдан эҳтиёт бўлинг!

04.05.2026   8305   3 min.
Қурбонлик ҳайвонларини масхара ва мазах қилишдан эҳтиёт бўлинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қурбон ҳайити яқинлашгани сари ижтимоий тармоқларда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни масхара қилиш, устидан кулиш, уларни инсонлар каби “гапиртириш”, сўйилиши олдидан қўрқувини мазах қилишни акс эттирган турли ҳажвий видео, расм, гиф, мем ва бошқа турдаги тасвирлар кўпаяди.

Динимизда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни масхара қилиш “шаръан ҳаром ва гуноҳ амал” саналади. Бунинг бир нечта асосий сабаблари бор:

1. Жонлиқларни мазах қилиш – Аллоҳнинг шиорларини улуғлашга зид амал.

Қурбонлик – бу шунчаки жонлиқни сўйиш эмас, балки Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган улуғ ибодат ва диннинг шиоридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).

Демак, қурбонлик ҳайвонлари устидан мазах қилиш – қалбдаги тақвонинг заифлигидан далолат беради.

 

Бошқа оятда: “Биз туяларни сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик...” дейилади (Ҳаж сураси, 36-оят).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа бир қанча муфассирлар “Оятдаги “шиор” сўзи – инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ҳар қандай ибодатни англатади” дейдилар.

Демак, қурбонликка аталган жонлиқни масхара қилиш – бевосита Аллоҳ буюрган ибодатни масхара қилиш, Аллоҳнинг шиорларини пастга уриш билан баробардир.

 

2. Ибодат билан ҳазиллашишнинг хатари

Диний амаллар, хусусан қурбон ҳайити каби муқаддас кунларда бажариладиган қурбонлик ибодати ҳазил-мазах мавзуси бўлмаслиги лозим. Агар инсон қурбонликни ёки шариатнинг бирор амалини қасддан камситиб, масхара қилса, бу унинг иймонига путур етказади. Ҳатто “шунчаки ҳазил” деб қилинаётган бўлса ҳам, бу иш гуноҳ ва ибодат ҳисобланган амалга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар улардан сўрасанг, албатта: “Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос”, дейишади. Сен: “Аллоҳни ва Унинг оятларини истеҳзо қилаётган эдингизми?” деб айт» (Тавба сураси, 65-оят).

Уламолар бу оятни ибодатлар, жумладан қурбонлик устидан кулувчиларга ҳам тааллуқли деганлар.

 

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик – Аллоҳ таоло буюрган ибодат. Уни “мем” ёки “прикол”га айлантиришдан эҳтиёт бўлинг. Бунинг учун:

1. Бундай расм ва видеоларга лайк босманг ва уларни тарқатманг.

2. Бундай контент тайёрлаётганларни огоҳлантиринг.

3. Қурбонлик бу – Аллоҳ буюрган ва Унинг розилиги учун қилинадиган ибодат эканини унутманг.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар