Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Олмония шарқшунос олималаридан бўлмиш Сигрид Ҳунке ўзининг “Аллоҳ таолонинг ғарбга порлаган қуёши” асарида арабларнинг фазилати борасида шундай дейди: “Салоҳиддин Айюбий Байтул Мақдисни милодий 1187 йилда эгаллаб олади (қайтариб олади). Ундан аввал 1099 йилда салбчилар у ерни мисли кўрилмаган ваҳшийликлар, қон тўкишлар билан эгаллашган эди. Аммо ваҳшийларча тўкилган мусулмонлар қони интиқоми учун Салоҳиддин Айюбий бу ердаги насронийларнинг қонини тўкмади. Балки, уларга ўзининг одамийлигини, сахийлигини ва меҳрибонлигини кўрсатди ҳамда олий саркардалик руҳи билан хулқланишда зарбул масал ва ўрнак бўлди. Лекин, мусулмонлардан фарқли ўлароқ, насроний саркардалар улуғ калима ва асирлар қаршисида ҳеч қандай олийжаноб хулққа эга эмасликларини мамоён этдилар. Масалан, уларнинг бошлиғи бўлмиш “Шер юрак” лақаби билан танилган Ричард мусулмонлардан 3000 асирни омон қолдиришга ўзининг улуғлиги билан қасам ичади. Лекин тўсатдан кайфияти ўзгариб, уларнинг барчасини ўлдиришга буюради.
БАЙТУЛ МАҚДИСДА
Байтул Мақдисдаги аҳли зиммалардан бири ўз хўжайинига мусулмонларнинг Салоҳиддин Айюбий бошчилигида Байтул Мақдисга кираётган пайтдаги ҳодисани шундай ривоят қилади: Масжиддаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ва эшитган гувоҳ келиб айтди: “Мен масжидга кирганимда мени ҳеч ким тўсмади ва суриштирмади. Натижада мусулмонлар билан аралашиб кетдим. Улар бир ерда жамланиб ўтиришар, барчаларининг ўтирган ерлари бир хил, ҳатто бошлиқларини ҳам ажратишнинг иложи йўқ эди. Уларнинг аъзолари ва ҳаракатлари сукунатда, Аллоҳ таолога тоатда эди. Мен улардан ажабландим: қандай қилиб уруш майдонида душманлару шайтонларни ақлдан оздирадилар-у бу ерда бўйсунган диндорга айланадилар?! У ерда воизни кўрдим. У минбарга чиқиб хутба қилди. Агар ушбу мавъизани чўлдаги қумларга қилинганда, албатта, улар ҳаракатга келар, отлиқларга айланар, шу ҳол давом этиб, ҳатто ер юзаси очилиб қоларди. Агар шуни ҳеч нарсани эшитмайдиган тош эшитганда, унда ҳаёт пайдо бўлиб, руҳ ҳосил бўлар эди!
Мен уларни, модомики, мусулмон эканлар, агар-чи уларга қарши бутун дунё давлатлари жамланса ҳам, ҳеч қачон мағлуб бўлмасликларини билдим. Чунки улардаги иймон қуввати ўзларидаги ҳар қандай қувватдан кучлидир. Аксар инсонлар ўлимдан қўрқадилар. Лекин уларни бирор нарса чўчита олмайди. Чунки улар ўлимни яхши кўрадилар ва унга интиладилар, яъни Роббиларининг висоли томон ошиқадилар.
Йўқ! Бизнинг қавмимиз бу диёрни ҳаргиз умид қилмасин. Мен сизларга айтяпман. Дарҳақиқат, мен у қавм борасида жуда яхши маълумотга эга бўлдим, улар билан аралашиб, ўзаро суҳбат қурдим ҳамда диёнатлари ва гўзал хислатларидан воқиф бўлдим. Йўқ! Биз учун у ерда насиба йўқ”.
Батаҳқиқ, шу куни салбчилар юз йил муқимликдан сўнг бу ердан кетишди ва ҳеч қачон қайтишмади. Бу қуббада насронийларнинг ҳам, яҳудийларнинг ҳам эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шиорлари олий бўлди. Албатта, бу ердаги ҳар бир маскан ўзгарди ва бу ердаги ҳар бир туғилажак бола Салоҳиддинга айланди. Бизнинг қавмимиз қонларни бекорга тўкмади ва инсонларни бекорга ўлдирмади.
Али Тантовийнинг “Тарихдан қиссалар” китобидан
Фарҳодбек АСАТУЛЛАЕВ таржимаси
Islom.uz сайтидан олинди
2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига “Largest museum of Islamic civilisation” — дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи номинацияси бўйича Гиннеснинг Рекордлар китоби расмий рекорди берилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Гиннеснинг Рекордлар китоби ташкилотининг расмий вакили — судья Шейда Субаси иштирок этиб, Марказ барча белгиланган халқаро мезон ва стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — бу кенг қамровли илмий-маърифий ва музей мажмуаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган йирик стратегик мегалойиҳа ҳисобланади. Мазкур Марказ “Янги Ўзбекистон”нинг ўзига хос платформаси сифатида илм-фан салоҳияти, бой маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда уйғунлаштиришга қаратилган.
Лойиҳа давлат раҳбарининг мамлакатнинг янги гуманитар қиёфасини шакллантириш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонни жаҳон миқёсида ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида илгари суришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясини акс эттиради.
Бугунги кунда Марказ минтақанинг энг кўп ташриф буюриладиган илмий-маданий масканларидан бирига айланган бўлиб, ҳар куни ўртача 5 000 нафарга яқин ташрифчи қабул қилмоқда. Бу эса унинг аҳоли ва хорижий меҳмонлар орасида катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.
Марказ илк кунларданоқ янги турдаги илмий-маданий ва маърифий мажмуа сифатида концепция қилинган. Унда тарихий мерос ва замонавий мультимедиа технологиялари уйғунлашган ҳолда тақдим этилган. Экспозиция “Цивилизациялар, Шахслар, Кашфиётлар” тамойили асосида тузилган бўлиб, минтақанинг энг қадимги даврларидан тортиб, илм-фан юксалиши ва замонавий босқичигача бўлган тараққиёт изчил ёритиб берилади.
Марказ тузилмасида Қуръони карим зали алоҳида ўрин тутади. Унда Усмон Мусҳафи деб номланувчи энг қадимий қўлёзмалардан бири намойиш этилган бўлиб, у ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган. Бу ноёб асар нафақат ислом цивилизациясининг беқиёс ёдгорлиги, балки илмий-тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирувчи муҳим маънавий марказ сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
Марказ концепциясининг ўзига хослиги уни музей, илмий тадқиқот инфратузилмаси ва таълим муҳитини бирлаштирган илк намунага айлантириб, жаҳон музейчилик амалиётида янги босқични белгиламоқда.
Ушбу рекордга эришиш кўп ойлик тизимли иш натижаси бўлиб, музей параметрларини тасдиқлаш, тўлиқ ҳужжатлар тайёрлаш ва мустақил халқаро экспертлар иштирокида кўп босқичли верификация жараёнларини ўз ичига олди.
Музей коллекциясини шакллантиришда археология, нумизматика, тўқимачилик ва қўлёзмалар соҳасидаги етакчи халқаро мутахассислар иштирок этди. Бу эса экспозициянинг юқори илмий ва музей даражасини таъминлади.
Гиннеснинг Рекордлар китоби унвонининг берилиши нафақат Марказ кўламининг эътирофи, балки ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этган юзлаб олимлар, мутахассислар ва экспертлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Судья Шейда Субаси Марказ фаолиятини юқори баҳолаб, қуйидагиларни таъкидлади:
-Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий меросни замонавий музей технологиялари билан уйғунлаштиришнинг ноёб намунасидир. Лойиҳанинг кўлами, концептуал яхлитлиги ва амалга ошириш даражаси Гиннеснинг Рекордлар китоби мезонларига тўлиқ жавоб беради. Бу шунчаки энг йирик музей эмас — балки маданиятлар мулоқоти ва билимларни келажак авлодларга етказиш учун замонавий платформа ҳисобланади.
Ушбу рекорд Ўзбекистоннинг ислом илми, маданияти ва маърифатининг муҳим тарихий марказларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, мамлакатнинг цивилизациялар мулоқоти, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик тамойилларига асосланган замонавий халқаро майдон сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.
Гиннеснинг Рекордлар китоби мақомини қўлга киритиш Марказнинг дунёдаги энг йирик шундай музей сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, уни интеллектуал меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича етакчи халқаро платформалардан бирига айлантиради.
Келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маданий майдон сифатида янада ривожланиб, дунёнинг турли мамлакатларидан олим ва мутахассисларни бирлаштиради ҳамда “Янги Ўзбекистон”нинг гуманитар ташаббусларини глобал миқёсда илгари суришда муҳим драйвер бўлиб хизмат қилади.
t.me/islommarkazi