Абдуллоҳ ёшлигидан тиришқоқ, кичик бўлишига қарамай, кекса отасига ёрдам бериш учун тинмай ҳаракат қиларди. Отаси Мурод ота анча кексайиб қолган, ёши олтмишдан ошган бўлиб, оғир меҳнат қилса, тез толиқиб қолади. Чарчаганини билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмасин, барибир кексалиги ошкора қилиб қўярди. Отасини доимо кузатиб юрган, аҳволини англаб етган кенжа Абдуллоҳ имкон қадар унга ёрдам беришга уринади. У кекса отасининг ҳарсиллаб кетмон чопишини кўриб руҳан эзилади. Абдуллоҳнинг кетмон чопишга кучи етмаса-да, отасига сездирмай токларнинг остини юмшатишга, ер чопишга ҳаракат қилди.
Эрта тонгда эшагини миниб, чошгоҳгача молларга икки-уч марта ўт олиб келар, тушдан кейин яна шундай қиларди. Ҳамма ўйин билан овора бўлганида, у меҳнат қиларди. Вақт топди дегунича қўлига китоб олиб мутолаа қиларди. Ота-онаси бирон маротаба ўт олиб кел, ер чоп, китобингни ўқигин, деб айтмасди, юракдан меҳнат қилар ва тиним билмасди. Онаси бўлса, “Кўп китоб ўқийверма”, деб чироқни ўчириб қўярди. Шунга қарамай, илм олишга қизиқувчан бола фонарини ёритиб кўрпанинг ичида китоб ўқирди. У олдига катта мақсад қўйган: “Ўқиб етук инсон бўламан, отамнинг оғирини енгил қиламан, онамга кўмакдош бўламан”, деб тинмай ҳаракат қиларди. Баъзи ёши катта болалар уни масхаралаб камситишганда: “Ҳали шошмай туринглар, келажакда олим бўламан. Ўшанда Абдуллоҳнинг кимлигини кўрасизлар, ҳаммангиз ялиниб олдимга борасизлар!” дерди. Мурод ота фарзандини доимо дуо қиларди. Мурод ота қўшниси Темир ота билан гаплашиб ўтирганида, эшакка ўт ортиб келиб туширишга қийналаётган Абдуллоҳга қараб:
– Шу ўғлингдан катта одам чиқади. Ҳеч тиним билмайди. “Бўладиган бола ўн беш ёшда бош бўлар, бўлмайдигани қирққа кирса, ёш бўлар”, деган мақолни эшитгансан-а, шу мақол сенинг ўғлингга ўхшаган ғайратли болаларга айтилганов. Менга қара, Мурод, ўғлингни ишла деб урасанми? – деди кўзига тикилиб.
– Нима деяпсан, бу болани уриб бўларканми? Ўзининг ғайрати ичига сиғмайди. Бошқаларга ўхшаб ўйнагин, дам ол десам, қулоқ солмайди.
Абдуллоҳ мактабни тугатиб, олийгоҳда ўқиди. Уни битириб, катта олим бўлди. Отасини эъзозлаб, бошларига кўтариб, дуосини олди. Уни яхши таниганлар: “Сен дуо олгансан, сен билан ўйнашиб бўлмайди!” дердилар. Ҳа, “Бўладиган бола бошидан” деб бежизга айтилмаган. Бу каби болаларга ишоранинг ўзи кифоя бўлади. Ҳар гапни маъносига қараб йўл тутади. Баъзилар қирққа кирса-да, панд-насиҳатни қулоғига олмайди. Тўғрини эгри, эгрини тўғри дейди. Дангасаликка ўрганиб, ота-онанинг хизматидан қочиб, ёмонлигини қўймай, улғайишга интилмайди.
Эй азиз фарзанд! Интилганга толе ёр! Ота-онасини хизматини қилган, устозлар дуосини олган, эл-юртнинг олқиш ва раҳматларини олган инсон, албатта, бахтли бўлади. Бундай инсонлар узоқ умр кўрадилар. Ким мана шундай инсонларга ёмонлик қилса, албатта, ёмонлиги ўзига қайтади. Шу боис улуғларимиз: “Дуо олган одамдан эҳтиёт бўлинг. У дуолар қўрғонида бўлади. Унга ёмонлик қилсангиз, ўзингизни балоларга гирифтор қиласиз. Сиз ҳам дуо олган мана шундай инсонлар дуосини олинг, сиз ҳам бахтли бўласиз”, дейдилар. Юқоридаги улуғ инсонларнинг айтганини қилиб, бахтга эришинг, раҳмат ва олқишлар олиб, умрингизни баракотли қилинг. Асло қарғиш олманг! Қарғиш умрингизни кесиб, баракангизни қочиради. Ақлингизни ёшлигингиздан ишлатсангиз, ҳаётда кўп яхшиликлар кўрасиз.
Қирқ ёшга етса ҳам ақли тўлмаса,
Ёмон амалларни ҳаргиз қўймаса,
Устига фазлдан либос киймаса,
Бўлади, бундайни одам демаса.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Бугун, 2 сентябрь куни Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳомийлигида ҳамда Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
"Глобал ўзгаришлар шароитида оилавий масалалар: оилани ҳимоя қилиш, унинг келажаги ва миллий-диний ўзликни асрашда фатво ёндашувлари" мавзусидаги мазкур илмий анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқда.
Икки кун давом этадиган халқаро йиғинда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи муфтийлар, таниқли уламолар, халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашмоқда.
Анжуман кун тартибидан замонамизнинг қуйидаги энг долзарб масалалари ўрин олган:
– Глобаллашув, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида оила институти дуч келаётган муаммоларнинг илмий таҳлили;
– Замонавий оилавий инқирозларни пухта тадқиқ этиш ва уларга шаръий ҳамда амалий ечимлар топиш;
– Виртуал муҳитнинг оилавий муносабатларга таъсирини ўрганиш ҳамда уларни мустаҳкамлаш йўллари;
– Миллий-диний ўзликни сақлаш ва зарарли медиа контентларга қарши курашда жамоавий фатволар ишлаб чиқиш.
Халқаро анжуман тафсилоти билан сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали танишиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати