“Қадр” қадри улуғ, фазилати буюк қилинган кечадир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!)ҚадркечасинимаэканиниСизга не ҳаманглатур?!Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар.У (кеча) то тонготгуничасаломатликдир” (Қадр, 1–5).
Бу кечада Қуръони карим «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга туширилди, Жаброил (алайҳиссалом) бошчилигида фаришталар ерга туширилади, бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади. Шу сабабли ҳам мўмин-мусулмонлар бу кечани тоат ибодат билан ўтказишлари лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (алайҳиссалом): “Ким Лайлатул Қадрни имон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Термизий ривояти).
Ислом уламолар кечани қойим ўтказишнинг қандай бўлиши борасида батафсил тўхталиб ўтганлар. Бу кечада хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқиш, кечанинг қолган қисмида эса нафл намози ўқиш, Қуръони карим тиловати билан банд бўлиш лозим.
Агар бу амаллар имон ва ихлос билан адо этилса, гуноҳлар мағфират этилиши ваъда қилинмоқда ҳадиси шарифда.
Бу кечада қилинадиган ибодатларнинг ажри минг ой қилинадиган ибодатларга тенг экани ҳадисларда келтирилади. Бу ҳам уммати Муҳаммадга Аллоҳ таолонинг бир инъоми, марҳаматидир.
Қадрнинг Рамазон ойининг қайси кечасида экани ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келтирилган. Оиша (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар ва “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар” деб эдилар (Имом Термизий ривояти).
Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадисда эса бундай дейилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда ва беш кеча қолганда”, дедилар.
Имом Абу Довуд ва Имом Аҳад қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир”.
Уламоларнинг иттифоқига кўра эса Рамазоннинг охирги ун кунлигининг тоқ кечаларининг баврчасини бедорликда ўтказиш фазилатли амал саналади. Бу кечаларда қилинган ибодатларга улкан ажрлар берилади, иншоаллоҳ!
Аслида эса ушбу муборак ойнинг ҳар бир кечасини муборак билиш янада фазилатлироқдир!
Аллоҳ таоло барчамизгна қадр кечасининг барокотидан тўлиқ улуш олишни насиби рўз айласин!
Нигора МИРЗАЕВА
Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: ризқлар тақсимланади, қисматлар белгиланади, гуноҳлар мағфират этилади
Бароат сўзи қандай маънони англатади?
“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.
Бароат кечаси қандай кеча?
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида нималар содир бўлади?
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.
У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида дуолар қабул бўлади
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.
Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?
1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.
2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.
“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.
3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.
Айниқса,
أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ جَلَّ وَجْهُكَ لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ
“Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.
4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.
Хусусан,
سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حولَ ولا قوةَ إلا بالله العلي العظيم
“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.
5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди), дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.
Даврон НУРМУҲАММАД