Ҳар бир мусулмон беш вақт намозда, намоз сўнгидаги тасбеҳларда, қолаверса, кун бўйи кўп маротаба “Аллоҳу акбар!” (Аллоҳ буюк!) деб айтади. Имонли кишилар қайғуга ботганларида ҳам, шодликка тўлганларида ҳам “Аллоҳу акбар” дейдилар.
Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга ўтирганида. Бир саҳобанинг зикр қилаётгани қулоғига чалинди: “Аллоҳу акбар кабийрон, валҳамдулиллаҳи касийрон, субҳаналлоҳи букратан ва асийлан”. Зикр тингач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ушбу зикрни ким айтди?” деб ажабланиб сўрадилар. Саҳоба: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу сўзларни мен айтдим”, деди. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу сўзларингга осмон эшиклари очилди, мен ҳайрон қолдим!” дедилар.
Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Бу сўзларнинг осмон эшиклари очиладиган даражада таъсирли бўлишининг сабаби нима?” деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу зикр ичида Аллоҳ таолонинг Ал-Кабийр исми қўллангани сабаб бўлди”, деб жавоб бердилар.
Хуморбегим
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий айтади: «Дамашқлик устозим 97 ёшда бўлса-да, тетик, кўзлари равшан, ҳатто тишлари ҳам соппа-соғ эди. У кишидан бунинг сабабини сўраганимда:“Ёшликда аъзоларимни гуноҳлардан асрагандим, қариганимда ҳам Аллоҳ таоло уларнинг хизматидан маҳрум этмади”, деб жавоб берди».
Аллома Табарий раҳимаҳуллоҳ 70 ёшида ҳам қайиқдан сакраб тушарди. У кишини кўрганлар: “Бунча куч-қувват қаердан?” деб сўрашганида, устоз: “Биз аъзоларимизни ёшлигимизда гуноҳлардан сақлаган эдик, қариганимизда эса Аллоҳ таоло уларни биз учун сақлаб қолди”, деди.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ 90 ёшдан ошган бўлса-да, далада ишларди. Буни кўрганлар: “Ҳали ҳам ёш йигитдек меҳнат қиласиз. Бунга қандай эришгансиз?” деб сўрашди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Мен ёшлигимни сақлаб қолдим, Аллоҳ эса кексалигимни сақлаб қолди”, деди.
“Ёшлигини сақлади” деган иборадан зинодан узоқ бўлиш тушунилади. Чунки зино умрни қисқартиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси (номаҳрамга) қарашдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД