Усмонхон АЛИМОВ – 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Кўп йиллар Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлади. 1989–1990 йиллари Марокашдаги Қаравиййин дорилфунунида ўқиди. 2000–2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили бўлиб хизмат қилди. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди. Усмонхон Алимовнинг “Орлотда акс этган тарих”, “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳазрати Имом (Ҳастимом)”, “Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг муборак васиятлари” (9 та китоб), “Сўраган эдингиз” туркумидаги рисолалари, “Оилада фарзанд тарбияси” (3 та китоб), “Илмнинг фазилати”, “Истиқлол шарофати”, “Хайр-эҳсон фазилатлари”, “Гўзал одоб – фарзанд камоли” каби асарлари нашрдан чиққан. Нажмуддин Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли машҳур асарини араб тилидан ўзбекчага таржима қилган. Муфтий ҳазрат Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиб, “Тафсири ирфон” номида чоп эттирмоқда.
Тошкент Ислом университетининг фахрий фан доктори Усмонхон Алимов 2012 йили нуфузли халқаро ташкилот – Ислом олами уюшмаси (Робита) Таъсис мажлисининг аъзоси бўлди.











Афғонистон пойтахтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган адабий-маданий анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Афғонистон ҳукумати вакиллари, олий таълим, маориф, ахборот ва маданият вазирликлари, Фанлар академияси масъуллари, ўзбек жамоат ташкилотлари аъзолари, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, ўқитувчилар ҳамда талабалар қатнашди.
Очилиш маросимида афғонистонлик олимлар, тилшунослар ва ўқитувчилар мамлакатда Ўзбек тили байрами кенг нишонланаётганидан мамнун эканликларини билдирдилар. Улар Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш, миллий анъана ва урф-одатларни оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар.
Афғонистонлик шоир ва ёзувчи Аҳмад Жовид Фарҳод халқаро майдонда, жумладан, Афғонистонда ҳам ўзбек тилининг аҳамияти ортиб бораётганини қайд этди. У Ўзбек тили куни мамлакатда расмий байрам ҳисобланиши, тил эса ҳар бир халқнинг энг муҳим бойлиги ва миллий қадрияти эканини таъкидлади.
Шоир ва журналист Себгат Сафер нутқида ўзбек тилининг жамият бирлигини мустаҳкамлашдаги ўрнига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, тил нафақат халқни бирлаштиради ва тарбиялайди, балки унинг урф-одат ҳамда анъаналарини асраб-авайлашга ҳам хизмат қилади.
“Ўзбек тили буюк давлат арбоби ва мутафаккир Алишер Навоий номи билан чамбарчас боғлиқдир. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат ва анъаналарни сақлайди. Она тилимиз бойлигини бутун дунёга тараннум этсак, миллатимиз ва бирдамлигимиз янада мустаҳкам бўлади”, – деди у.
У Афғонистонда ўзбек тилининг бойлиги ва ифода имкониятларини очиб бериш билан бир қаторда, уни илмий жиҳатдан ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Қобулдаги дипломатлари мамлакатимизда давлат тилини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритдилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш авлодни она тилига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, иштирокчиларга афғон ёшлари учун яратилган таълим имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида “Термиз” таълим маркази фаолият юритаётгани, у ерда афғонистонлик талабалар турли йўналишларда таҳсил олишлари ва имтиёзли грантларга эга бўлишлари мумкинлиги таъкидланди.
Маданий дастур доирасида ўзбек тилига бағишланган шеърлар ва Алишер Навоий ғазалларидан парчалар ўқилди, миллий рақслар ижро этилди.
Байрам тадбирлари доирасида ўзбек тилида чоп этилган китоблар тақдимоти, миллий либослар, тасвирий санъат асарлари ва ўзбек миллий таомлари кўргазмалари ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати