Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.
Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Польша Мусулмонлар диний иттифоқи раиси, муфтий Томаш Мишкевичнинг мамлакатимизга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ташриф доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳамиджон Ишматбеков ва раис ўринбосари Зайниддин Эшонқулов муфтий Томаш Мишкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дин пешволари ўртасида тажриба алмашиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда “ҳалол” стандартлари борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.
Польша делегациясига Ўзбекистондаги диний-маърифий ҳаёт, Мусулмонлар идораси, масжидлар, мадрасалар ва Фатво маркази фаолияти, диний таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюриб, у ерда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ва ноёб қўлёзмалар фонди билан танишди.
Муфтий Томаш Мишкевичнинг Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов билан ҳам учрашди. Иштирокчилар марказнинг халқаро илмий-маърифий макондаги ўрни ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Суҳбатдан сўнг Польша делегацияси Ўзбекистоннинг тарихий, илмий, маданий ва диний меросига бағишланган экспозицияларни кўздан кечирди.
Ташриф дастури доирасида делегация Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Суҳробжон Бобокалонов билан ҳам кўришди. Мулоқотда мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий ва исломий мероси, зиёрат туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Томонлар буюк ислом алломалари – Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд меросини, Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидалар ҳамда муқаддас қадамжоларни Польша мусулмон жамоалари орасида кенг тарғиб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятини Польшада янада кенг намоён этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Ташриф якунида Польша делегацияси Самарқанд ва Бухорода бўлиб, у ердаги тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати