Қачонки Аллоҳ таоло: "Ҳар бир нафс ўлимнинг мазасини тотгувчидир" (Оли Имрон сураси, 185-оят) оятини нозил қилганида, фаришталар: "Биз нафс эмасмиз, балки биз покиза руҳлармиз", дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: "Унинг устидаги (яъни ердаги) барча нарса ҳалок бўлгувчидир" (Раҳмон сураси, 26-оят)ни нозил қилди.
Шунда фаришталар: "Биз ерда эмас, балки осмондамиз", дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: "Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз" (Қасас сураси, 88-оят)ни нозил қилди.
Шунда фаришталар Роббиларига сажда қилиб: "Фақат Унинг Ўзи абадийдир", деб тасбиҳ айтдилар.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Неъматулла домла Исмоиловнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг ортидан қолган фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин. Буюк Парвардигор онахонни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Жаноза намози бугун, 23 октябрь куни жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жоме масжидида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси