Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй Роббим! Орзуларимнинг рўёбини насиб эт ва мендан умидсизликни кетказ.
Эй Роббим! Муҳаббат латофатини қалбимга жойла ва кек тиконларини суғуриб ташла.
Эй Роббим! Нафсимнинг истакларига ғолиб келишни насиб эт, бировларнинг айбларини бўрттириб юбормаслигим учун кўзимга қора парда торт.
Эй Роббим! Қалб кўзимни нурлантиргинки, ўз айбларимни яхшироқ кўрайин ва бошқаларнинг айбларини бўрттириб юбормаслигим учун кўзимга қора парда торт.
Эй Роббим! Одамларга қувонч улашиб, уларни саодатманд этишимда менга ёрдам бер. Шу орқали уларнинг бахтиёр кунларини кўпайтириб, кўз ёшлари билан ўтажак тунларини камайтира олсам .
Эй Роббим! Менга афв этиш лаззатини ато эт. Ўч олишга бўлган иштиёқдан маҳрум қил. Кучлилар қаршисида мени заифлардан ва рўпарамда заифлар турганида зулмкорлардан айлама.
Эй Роббим! Қалбимга бағрикенглик ва раҳмат уруғини сеп, кўнгил боғларимдан таассуб ва қаҳри қаттиқликни суғуриб ташла.
Эй Роббим! Қалбимни иймон, ҳар тарафимни Ўзингга муҳаббат ила лиммо-лим айла ва бутун танамга ихлосли бўлишни насиб эт.
Эй Роббим! Сен яратган нарсаларнинг гўзаллигини кўра олишим учун кўзларимни каттароқ оч.
Эй Роббим! Ғурур кўзларимни кўр қилган чоғда, қалб кўзимни нурлантир. Менга хорлик ҳукмрон бўлган он азизлик ила мартабамни кўтар. Борди-ю, давр алғов-далғов бўлиб, ташқи куч олдида бошим эгилса, куч-қувват доимий эмаслигини, ҳақ гап эса барҳаёт ва боқий эканини менга эслат.
Эй Роббим! Чоҳга қулаганим он тик туришни ўргат. Қаддимни ростлаган пайтим бошқа йиқилганлар бор эканини ёдимга солгинки, бўйнимни эгиб, уларнинг қадлари рост бўлиши учун кўмак қўлимни чўзайин.
Эй Роббим! Қарши тараф устидан ғалаба насиб этсанг, уларнинг устидан кулишдан сақла.
Эй Роббим! Қаноат қилиш ва йўқ бўлиб кетиш орасини, иззат ва ғурур орасини, камтарлик ва хорлик орасини ажрата оладиган қил.
Эй Роббим! Ҳақ кучлилар ёки заифлар тарафида бўлмасин, ҳаққа кўмакчи бўлишим учун менга қувват ато эт.
Эй Роббим! Зулматларни аритадиган кичик бир шамчироқ бўлишимда менга кўмак бер.
Эй Роббим! Одамлар орасида мурувватни ёйишимда, уларга интиқом заифнинг қуроли, кенгбағирлик кучлиларнинг аслаҳаси эканини том маънода англай олишимга ва улар менинг гапларимдан қаноат ҳосил қилишларида менга мадад бер.
Эй Роббим! Хатоларимдан қутулишим учун хатоларимни тан олишимда мадад бер. Ўзгаларнинг айбу нуқсонларини, хатоларини фош этишдан асра.
Эй Роббим! Мени ёмон кўрганларни мен ёмон кўрмай, мени яхши кўрганларга кўпроқ муҳаббат қўяй.
Эй Роббим! Агар одамларнинг ҳақлари борасида хатога йўл қўйсам, содир этган хатоларим учун улардан узр сўрашимда Ўзинг қўлла. Агар одамлар менинг ҳақимда хато қилсалар, уларнинг бу хатоларини кечириб юборишим учун куч ато эт.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.
Саид ибн Имрон розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Тўрт халифаи рошидин розияллоҳу анҳум “тўғри бўлган зотлар...”нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар.
Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу: “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобалардан оятдаги “тўғри бўлган зотлар...” кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки иймон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.
Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз!”.
Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда “Роббимиз – Аллоҳ” дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар».
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илм-фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.
Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: “Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар” (Ёсин сураси, 55-оят).
Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!” дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).
Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.
Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари “Роббимиз – Аллоҳ” деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун “(Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.