Кеча, 21 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Имом Термизий номидаги ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Самарқанд Ҳадис илми мактабида “Саҳиҳи Бухорий” асари хатми кутуб қилинишига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда олий диний таълим муассасалари раҳбарияти, устозлар ва талабалар иштирок этишди.
Мазкур тадбирларда сўзга чиққан нотиқлар томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан хатми кутуб тадбирлари сони ортиб, узлуксиз давом этаётгани, хусусан, “Саҳиҳи Бухорий” хатми кутуби – ҳадис ва суннат борасидаги илмларни бойитиш, билим ва тажриба алмашиш каби манфаатлар билан бирга диёримизга барака ва раҳмат бўлиши алоҳида қайд этилди.
Жумладан, Тошкент ислом институтида Қуръон тиловати билан бошланган маросимда институт ректори Уйғун Ғофуров тадбирни кириш сўзи билан бошлаб берди. Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар, хусусан, диний таълим муассасалари фаолияти ва таълим сифати тубдан яхшилаётгани, ана шундай хатми кутублар ўқиш йўлга қўйилгани тўғрисида сўзлади. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси доценти Саййид Раҳматуллоҳ Термизий “Саҳиҳи Бухорий” асарини хатми кутуб қилиб ўқишнинг фазилатлари ҳақида гапирди. Катта ўқитувчи Фахриддин домла Маманосиров эса хатми кутуб қилиш тартиби, шартлари ва одоблари ҳақида эслатиб ўтди.
Устозлардан яна бири – Раҳматуллоҳ домла Махсумхонов хатми кутубни бошлаш рамзи сифатида “Саҳиҳи Бухорий” асарининг аввалги ҳадисларини ўқиб берди. Бошқа ҳудудларда ҳам шу тартиб асосида “Саҳиҳи Бухорий” асарининг хатми кутубига киришаётган талабаларга дуолар берилди.
Маълумот ўрнида, тарихимизда “Қуръони карим” хатм қилингани каби “Саҳиҳи Бухорий” ҳам ёзилганидан буён тўлиқ ўқилиб, хатм қилиниб, ундан барака ҳосил қилинган. “Саҳиҳи Бухорий” тўлиқ ўқилиб, хатмдан сўнг қилинган дуолар ижобат бўлгани жуда кўплаб тажрибалардан ўтган ҳақиқат.
Аллоҳ таоло “Саҳиҳи Бухорий” хатмига киришган устоз ва толиби илмларга куч-қувват бериб, бу эзгу анъана туфайли юртимизда тинчлик-офият, хайру барака зиёда бўлишини насиб айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати