Насиҳат
Шайх Сулаймон ибн Халаф Божийнинг фарзандларига васияти
Етук фақиҳ, имом ва ҳофиз Шайх Сулаймон ибн Халаф Божий раҳимаҳуллоҳ фарзандларига васият қила туриб, уларга ҳаётда ҳар бир мўмин киши билиши зарур бўлган кўплаб насиҳатларни беради. Мазкур ўгитлар сиз азиз ўқувчиларимиз учун манфаатли бўлишини инобатга олиб, журналимиз саҳифаларида бериб боришни лозим топдик.
Шайх Сулаймон ибн Халаф раҳимаҳуллоҳ айтади:
Эй фарзандларим! Батаҳқиқ, сизнинг зиммангизга фарзи айн бўлган амаллар таклифи (шариат юклатган масъулият) тушадиган ёшга етдингиз. Мен эса сизларни насиҳатни англайдиган, тўғри йўлни фарқлай оладиган, таълим олиш ва илм эгаллашга муносиб ёшга етганингизни билдим. Шунинг учун сизларга васиятимни очиқ баён этишим лозим.
Гапларимга эътиборли бўлиб, кўрсатмаларим ва насиҳатларимга амал қилинг. Мен сизларни ҳеч қачон ёмонликка буюрмаганман. Мен кўрсатган йўлдан юринглар ва баён қилган ҳолатларимдан ўрнак олинглар.
Шуни билингларки, бизлар – Аллоҳ таолонинг фазли билан – наслимизга етган тўғрилик, диний етуклик, поклик ва ҳаё билан тўлиқ яшаган одамлар авлодиданмиз. Яъни Айюб ибн Вориснинг авлодлари. Улар шундай зотларки: бобомиз Саъд, ундан кейин Саъднинг фарзандлари: Сулаймон, Халаф, Абдурраҳмон ва Аҳмаддур. Уларнинг орасида энг солиҳи, диндори, тақво ва ибодати билан ажралиб турган киши сизларнинг боболарингиз – Халаф эди. У киши ўзининг катта обрўси, мавқеи ва дунёсининг кўплигига қарамай, молу дунёдан юз ўгирган, камтар ҳаёт кечирган киши эди.
Энди бу ишларни давом эттириш сизнинг зиммангизга тушади. Шундай экан, уларнинг йўлидан бошқа йўлни тутманглар, уларнинг ҳолатидан бошқасига рози бўлманглар. Агар улардан ҳам юқори даражага етишга қодир бўлсангиз, бундан фақат ўзингизга фойда. Аммо ундай бўлмаса, ҳеч қурса уларнинг даражасидан ортда қолманглар. Агар насиҳатларимга амал қилсангиз, солиҳлар йўлида собит турасиз, дунё ва охиратда яхшилик топасиз.
Васиятларимнинг энг муҳими – Аллоҳга иймон келтириш
Сизларга биринчи васиятим – Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандларига қилган васиятларидир: “Эй фарзандларим! Аллоҳ сизлар учун бу динини танлади. Бас, фақат мусулмон бўлган ҳолингиздагина вафот этинглар” (Бақара сураси, 132-оят). Шунингдек, Луқмон алайҳиссаломнинг фарзандига қилган насиҳатидир: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирма! Чунки ширк – албатта улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Сизларга бу борадаги насиҳатимни қаттиқ тарзда таъкидлайман, қайта-қайта эслатаман. Бу динга боғланишингиз ва уни маҳкам ушлашингиз учун жон куйдираман. Дунё ишларининг ҳеч бири Аллоҳ таоло бизга ато этган бу диндан сизларни ажратиб қўймасин. Бу дин учун жонларингизни фидо қилишингиз керак, унда дунё мол-мулкини аямаслигингиз лозим. Чунки бу динсиз кофир киши дўзахга тушса, унга ҳеч қандай яхшилик фойда бермайди. Мўмин киши бу дин билан жаннатга киради, унга ҳеч қандай ёмонлик зиён қилмайди: “Кимки исломдан бошқа дин истаса, ундан ҳеч қачон қабул қилинмайди ва у охиратда зарар кўрувчилардан бўлади” (Оли Имрон сураси, 85-оят).
Агар сизлар Аллоҳ таоло танлаган бу динда вафот этсангиз, умид қиламанки, биз жаннатда қайта учрашамиз – у ерда нафрат ҳам, ажралиш ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло менинг ўша учрашувга бўлган шавқу завқимни ҳам билади. Шу билан бирга, сизлардан бирортангиз йўлдан озиб, фитна сабаб адашиб қолишингиздан қаттиқ хавотирда эканлигимни ҳам билади. Агар шундай бўлса, Аллоҳнинг ғазаби уни қамраб олади ва ҳалокат жойига етказади. Абадий дўзах унга муқаррар бўлади. У ҳолда адашган киши солиҳ аждодлари билан жаннатда бирга бўлолмайди, оталари, ота-боболарининг салоҳияти унга наф бермайди: “Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқинг ва яна шундай бир кундан қўрқингки, у кунда на ота ўз фарзандига фойда беради, на фарзанд отага. Албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизларни алдамасин. Ва шайтон – алдамчи – сизларни Аллоҳдан чалғитмасин” (Луқмон сураси, 33-оят).
(Давоми бор.)
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
таржимаси
"Ҳидоят" журналининг 2026 йил 3-сонидан
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ бўлинмасида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий мероси, шунингдек, уни ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган замонавий лойиҳаларни тақдим этди. Миллатлар саройида «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси ҳамда дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндаларини бирлаштирган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги конференция Бухоро, Самарқанд ва Термизнинг илмий анъаналари жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ушбу мероснинг замонавий жамият учун аҳамиятига бағишланди.
Тадбир 7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида бошланган халқаро мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳар икки учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига кенг танитиш ташаббусини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Дастур «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси билан бошланди. Унда китоблар, илмий ва иллюстрацияли нашрлар, миниатюралар, шунингдек, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари ҳаёти ва кашфиётлари ҳақидаги материаллар намойиш этилди. Экспозиция минтақа илмий ва бадиий анъаналарининг бойлигини, шунингдек, авлодлар ўртасидаги билимлар давомийлигини очиб берди.
Тадбирда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая ҳамда Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий вакили Элдиёр Тошматов табрик сўзлари билан иштирок этдилар.
Татьяна Валовая конференциянинг цивилизациялар мулоқоти ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлаб, Марказнинг маърифий миссияси ҳамда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонаси билан ҳамкорлик истиқболларига юксак баҳо берди.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда улкан таассурот қолдирди. Бу — бой тарихий мерос замонавий технологиялар ёрдамида тақдим этиладиган илҳом маскани. Бу ҳақиқатан ҳам XXI аср маркази бўлиб, турли авлод вакиллари, айниқса, ёшлар ва болалар учун қизиқарлидир.
Кўргазма ҳайратланарли, тақдим этилган китоблар эса мутлақо ноёб. Биз кутубхонамиз ва Марказ ўртасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ўйлайманки, бу жуда қизиқарли ҳамкорлик бўлади», — деди Татьяна Валовая.
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ҳам сўзга чиқди.
Асосий маъруза билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди. У музей фаолияти, илмий-тадқиқот ишлари ва маърифий йўналишларни бирлаштирган Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилда БМТ минбаридан туриб илгари сурган ташаббуси бугун аниқ натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Париждаги ЮНЕСКОдан сўнг буюк аждодларимиз мероси Женевадаги Миллатлар саройида ҳам тақдим этилди ва халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.
Биз БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан БМТ кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича келишувга эришдик. Бу Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихига оид илгари номаълум бўлган материалларни ўрганиш учун янги имкониятлар очади», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
Иштирокчилар Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг Бухоро, Термиз ва Самарқанднинг илмий анъаналари билан боғлиқ меросига алоҳида эътибор қаратдилар. Муҳокамалар марказида билимларнинг ишончлилиги, уларни кейинги авлодларга етказиш масъулияти, шунингдек, эътиқод ва ақл ўртасидаги муносабат масалалари бўлди.
Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Самарқанд тарихига, унинг турли маданиятлар ва динлар учрашган маскан сифатидаги ўрнига тўхталиб, билим олишга бўлган умумий интилишнинг аҳамиятини таъкидлади.
«Ўзбекистон бой тарих ва ноёб маданий меросга эга мамлакат. Самарқандда турли дин вакиллари биргаликда билим олишга интилганлар. Одамлар Яратганни турлича номлашлари мумкин, аммо бу бир-бирларини тушунишларига тўсқинлик қилмаслиги керак. Бугунги конференциянинг аҳамияти ҳам айнан шунда», — деди Роберт Блюм.
Берлиндаги Cultur-Cooperation International ташкилоти директори, WOSCU аъзоси Кэтлин Гёбель махсус маъруза билан иштирок этиб, тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
«Қўрқув ва террор мавжуд бўлган, инсонлар ҳаётдан кўз юмадиган бугунги дунёда тинчликни мустаҳкамлаш давлатлар, жамоат институтлари ва халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси тинчлик ва ҳамжиҳатлик сари қўйилган амалий қадам бўлди, деб ҳисоблайман», — деди Кэтлин Гёбель.
Марказий Осиё буюк мутафаккирлари меросининг замонавий жамият учун аҳамиятини БМТ билан алоқалар бўйича Latter-day Saint Charities ташкилоти вакили Крейг Тейлор ҳам алоҳида таъкидлади.
«Мен Имом Мотуридий ва Беруний меросини ўргандим ҳамда уларнинг ғоялари нима учун бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани ҳақида мулоҳаза юритдим. Диний мансублигимиздан қатъи назар, ҳар биримиз тинчликпарвар бўлишга ва хилма-хилликка бой жамиятимизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга интилишимиз ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблайман», — деди Крейг Тейлор.
Конференциянинг илмий қисмини унинг модератори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов очиб берди. У Марказий Осиё олимларининг кашфиётлари, уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда Марказнинг халқаро миссияси ҳақида сўз юритди.
Маърифат ва бағрикенглик мавзусини Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов давом эттирди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов ўз маърузасида мутафаккир меросида ақл, мўътадиллик ва ахлоқий масъулиятнинг аҳамиятини очиб берди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев эса Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий меросида манбалар ишончлилигини текшириш усулларига тўхталди.
Дастур доирасида учта қисқа метражли фильм ҳам намойиш этилди. Уларда Ўзбекистон ва Ислом цивилизацияси мероси, янги авлод музейи сифатидаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси ҳақида ҳикоя қилинди. Фильмлар минтақа тарихий меросини ўрганиш ва оммалаштиришдаги замонавий ёндашувларни намоён этди.
«Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмасида тақдим этилган барча китоблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди.
Конференция илмий ва маданий-маърифий соҳалардаги қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилиш билан якунланди. Расмий дастурдан сўнг Миллатлар саройида ўзбек миллий таомлари тақдим этилган миллий қабул маросими бўлиб ўтди. У дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва маданият намояндалари ўртасидаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Конференция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича жаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати