Ҳақиқатда тил инсоннинг қадр-қимматини белгилайди. Кимнинг тили тўғри, лафзи ҳалол бўлса, ҳурмати ошади.
Сидқнинг фазилати бобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак сўзлари кифоя қилади:
“Шубҳали нарсани қўй, шубҳасиз нарсани ушла. Ҳақиқатда тўғрилик бу қалбнинг хотиржамлигидир, ёлғон эса шубҳани оширади” (Имом Термизий, “Қиёмат”, 60).
Шунингдек, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам яна марҳамат этган эканлар:
“Сидқ – тўғрилик кишини хайрли амалларга ундайди, хайрли амаллар эса жаннатга элтади. Ёлғон фисқу фужурга ундайди, фисқу фужур эса жаҳаннамга элтади” (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳдан ривоят қилинган, Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).
Луқмони Ҳакимдан сўрадилар:
“Қайси амалингиз сизни бу даражага еткизди?”.
У зот жавоб бердилар:
“Ростгўйлигим ва беҳуда сўзларни тарк этганим”.
Сидқ-тўғрилик гарчи кўринишдан гўё бир қийинчилик ё хавф туғдирадиганга ўхшаса ҳам барибир нажот шундадир, деб олимлар иттифоқ қилибдилар. Жумладан, улар айтибдиларки:
“Ҳамиша, ҳар жойда фақат тўғри бўл, менга зиёни етади, деб хафсираган жойингда ҳам, фойдаси тегади. Ёлғонни қўй, гўё фойдаси тегиб турган жойда ҳам, аслида зиёни етади”.
Ёлғон ишлатиб фойда қиламан, деб ўйлаган тожир қаттиқ адашади. Саҳобалардан келтирилган бир хабарда бундай дейилибди: “Тўғрисўз, ҳалол тижоратчи камбағаллашмайди”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар "Жоме" жоме масжиди имом ноиби Нуриддин домла Ҳошимовнинг падари бузрукворлари Холбек ота Ҳошимовнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуриддин домла Ҳошимовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун соат 18:00 да Сирдарё вилояти Ховос тумани Гулбаҳор МФЙ Қайирма қишлоғида ўз хонадонида адо этилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz