Ислом тарихида “Султонул уламо”, “Амирларни сотувчи” номи билан машҳур бўлган аллома Изз ибн Абдусалломнинг алоҳида ўрни бор.
Унинг тўлиқ исми шарифи қуйидагича: Абу Муҳаммад Изуддин Абдулазиз ибн Абдусалом ибн Абулқосим ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Муҳаззаб Суламий Шофий Дамашқий. У ҳижрий 577 сана, милодий 1181 йилда Дамашқда камбағал оилада таваллуд топди. Оиласининг фақирлигидан у ёшлигида кечалари умавийлар жоме масжидининг шимолий эшиги ёнидаги оҳак хумдонида тунашга мажбур бўлган. Бу ҳақида Имом Субкий отасидан ривоят қилган.
Унинг масжидда истиқомат қилиши ибодат ва илм олишига сабаб бўлган. Шу вақтда умавийлар масжидида кўплаб илм халқлари мавжуд бўлиб, дунёнинг турли жойларидан келган талабалар билан доимо гавжум бўлган. Бу тарихий масжидда тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа диний ва дунёвий илмлар ўқитилган. Кўплаб машҳур уламо ва фақиҳлар шу масжидда дарс айтишган. Бўлажак алломанинг биринчи ёд олган китоби Абу Исҳоқ Шерозий қаламига мансуб “Танбеҳ” китоби бўлди. У шаръий ва арабий илмларни баробар ўқиб ўрганди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларини ва усулларини, луғат, тасаввуф, наҳв, балоғат, ихтилофлар ҳақида илмлардан замонасининг машҳур имомларидан дарс олди. Ибн Имод Ҳанбалий “Табақоти Шофиия Кубро” китобида бундай ёзади: “Изз Абдуссалом фиқҳ, усул ва арабий илмларда жуда машҳур бўлди. У ўзининг бу соҳадаги тенгдошларидан ўтиб кетди, У тафсир, фиқҳ, ҳадис, олимларнинг турли ихтилофли сўзларини билишда моҳир бўлди ва мужтаҳидлик даражасига етди”.
Аллома Иззуддин Абдуссалом ёшлигининг кўп қисмини Дамашқда ўтказди. Кейинчалик Бағдодга келиб муҳаддислардан ҳадис тинглади. Сўнгра Мисрга борди ва умрининг охиригача Мисрда яшади. У 644 ҳижрий санадан кейин ҳаж қилиш нияти билан Ҳижоз ўлкасига сафар қилди.
Аллома Изуддин Ибн Абдуссалом яшаган замонда фатво чиқариш учун расмий мансаб ва вазифа мавжуд бўлмаган. Биринчи расмий ҳукумат фатволари усмонийлар давлатида вужудга келди. Олдинги асрларда фатво беришга иқтидорли ва салоҳиятли уламолар ўзларининг билимлари, аҳкомларни тўғри идрок этишларига қараб ўзларича бу вазифани адо этардилар. Имом Изуддин Абдуссалом Шом диёрида яшаган даврда фатво берган эди. Уни “Шом диёри муфтийси” деб аташарди.
“Аллоҳ таоло каломи тафсири” атрофида бўлган фитна сабабидан Шом султони Ашраф Мусо уни бу вазифадан озод этгунга қадар унда давом этди.
Бу ишга ҳанафий мазҳаб уламоси, шайх Жамолиддин Хусайрий аралашди ва султоннинг бу ишини маъқул топмади. Натижада султон ўз фикридан қайтди, уни авф этиб, ҳадялар юборди. Изз Абдуссалом султоннинг инъомларни қабул қилмади. Натижада алломанинг шон-шуҳрати атроф ўлкаларда кенг тарқалди.
Аллома Изуддин Абдуссалом турли илмларни пухта ўргангандан кейин илмнинг дарслар айта бошлади. Унинг биринчи айтган дарси Дамашқда бошланган бўлса, охиргиси Қоҳирада бўлди. У Мисрда бўлган вақтда уйида, масжидда ва бошқа кўплаб жойларда илм нурини тарқатди. Ибн Касир шундай дейди: “Талабалар ундан кўп истеъфода қилишди. У Дамашқдаги бир қанча мадрасаларда таълим берди. (Ал Изз ибн Абдуссалом. Қавоид ал Аҳком, 2 жуз, 220-221-бетлар).
Тарихий манбаларда кўрсатилишича, аллома Ибн Абдуссалом мадрасада биринчи бўлиб тафсир илмидан дарс берган. Бу ҳақда Ибн Ибод Ҳанбалий бундай дейди: “У биринчи бўлиб ўз дарсларида тафсирдан дарс берган эди” (Шузурот заҳаб китоби, 5 жуз, 302 бет).
Шайх Изз Абдуссаломни 637 ҳижрий санада султон Солиҳ Исмоил Дамашқдаги умавийлар жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинлайди.
Тарихий манбаларда зикр қилинишига аллома, имом Изз Абдуссалом 639 ҳижрий санада Мисрга сафар қилади. Миср султони Солиҳ Айюб унинг алломалигидан хабардор эди. Иттифоқо, унинг Мисрга келиши Миср қозиси Шарофуддин Ибн Айнидавланинг вафотига тўғри келади. Миср султони Солиҳ Айюб уни катта тантана ва ҳурмат-эътибор билан кутиб олади ва қозилар қозиси ҳамда ўша замондаги энг катта ва қадимий бўлган Амр ибн Ос масжидига имом-хатиб этиб тайинлайди.
Миср султони Солиҳ Айюб ўз сиёсий ва ҳарбий мавқеини мустаҳкамлаш ниятида қўшинларини кучайтиради, Марказий Осиё ва унинг ғарбидан кўплаб турк мамлукларни давлат моли ҳисобига сотиб олади. Уларни жангга тайёрлайди. Улар султоннинг ишончига киради, ҳатто айримлари бош қўмондонлик даражасига етишади, улардан бири эса султонга ноиб бўлиш шарафига эришади.
Аллома, Мисрга бош қози этиб тайинлангач салтанатни идора этишдаги айрим хато ва камчиликларни кўрди. Улардан бири амирлар ҳамон қул экани эди. Уларнинг озод этилгани ҳақида бирор ҳужжат мавжуд эмас эди. Шариат ҳукми бўйича эса қуллар бошлиқ бўла олмайди ва ўзларининг ҳаётини тасарруф қила олмайди.
Имом Изз Абдуссалом уларнинг олди-сотди қилиши ва никоҳланиши тўғри эмас, деб эълон қилди. Натижада уларнинг, шу жумладан, султонга ноиб бўлган мамлукларнинг манфатига зарар етди. (Имом Шаъроний, Табақот ал Кубро, 1 жуз, 13-14 бетлар). Бу иш мамлук амирларнинг ниҳоятда ғазабини қўзғади, аммо улар ғазабларини босиб Имом Изз Абдуссалом билан келишиш ва бу масалани чиройли йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилди. Имом ўз фикрида қатъий турди ва муаммони ҳал этишнинг бирдан-бир йўли уларни қул бозорида кимошди қилиб сотиш, сўнгра озод қилишдир, деди.
Улар бу ҳолдан ниҳоят даражада дарғазаб бўлишди. Бу хабар султон Солиҳ Айюбга етиб борди. Султон Имом Изз Абдуссаломдан фикридан қайтишини ва ўзига тааллуқли бўлмаган ишга аралашмаслигини сўради. Бу гаплар имомга қаттиқ ботди ва бош қозилик вазифасидан истеъфо бериб оиласи билан Қоҳирадан кўчиб кетишини эълон қилди ва дарҳол шаҳардан чиқди. Бу хабар тезда халқ оммасига тарқалди, улар имомнинг ёнини олди ва Имом Қоҳирадан чиқар-чиқмас уламолар, тижоратчилар, солиҳ кишилар ҳатто аёллар ва ёш болалар имомга эргашиб шаҳардан чиқа бошлади. Султоннинг яқинларидан бири унга бундай деди: “Салтанатингни сақлаб қол. Шайх кетиб қолса, мулкинг ҳам кетади”. Султон дарҳол отига миниб шайх, имом Изз Абдуссаломга етишди ва узр сўраб ортга қайтишни илтимос қилди. Аллома амирларни кимошди савдосида сотиш ва сўнгра озод қилиш шарти билан шаҳарга қайтди. У билан бирга бўлганларнинг ҳаммаси шаҳарга қайтди (Шужоат Изз Абдуссалом номли китоб).
Имом шаҳарга қайтгандан кейин кимошди савдоси куни белгиланди ва барча мамлук амирлар бирма-бир ниҳоятда қиммат баҳода сотилди, халқ ҳам бу савдода иштирок этди. Айрим амирларнинг баҳоси жуда кўтарилиб, қимматлашиб сотиб олиш имкони бўлмаганида, султон Солиҳ Айюб ўзининг хос маблағи эвазига сотиб олди. Савдодан тушган маблағни Имом Изз Абдуссалом жам қилди. Барча амирлар сотилгандан кейин Султон уларни озод қилди ва улар ўз хизматларида давом этишди. Имом Изз Абдуссалом йиғилган маблағни мусулмонларнинг умумий манфаатлари йўлига, турли хайрли ишларга сарфлади. Ибн Субкий шундай ёзади: “Аллоҳ раҳм қилсин ва ундан рози бўлсин! Бирон бир киши шундай иш қилгани эшитилмаган эди (Изз Абдуссаломнинг “Мажоз ал Қуръон” китоби).
Уламолар султони Изз Абдуссалом 660 ҳижрий сана, 1262 милодий йилда 83 ёшда Мисрда вафот этди. Имом Изз Абдуссалом чошгоҳга яқин Қоҳира шаҳридаги Муқаттам тоғи этагидаги Қарофа қабристони яқинидаги кўл тарафга дафн этилади. Унинг жанозасини султон Зоҳир Бийбарс ўқиди. Имомнинг жанозасига Миср аҳлининг деярли барчаси иштирок этди (Табақот Шофиия Кубро, 8 жуз, 212-213 бетлар). Султон Зоҳир Бийбарс унинг вафотидан қаттиқ қайғуради ва аллома вафоти ўзининг ҳукмронлиги вақтида бўлганидан жуда афсусланади. Султон бу ҳақда шундай деди: “Лаа илаҳа иллаллоҳ! Шайхнинг вафоти менинг султонлигим вақтида бўлди-я”. Аллома жанозасида амирлар, аъёнлар ва аскарлар иштирок этишди. Султоннинг ўзи тобутни кўтаришди ва дафнда ҳозир бўлди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар).
Миср диёрининг барча ўлкаларида, Шомнинг Фрот дарёсигача бўлган барча шаҳарларида Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Яманда, умавийларнинг жоме масжидида ва дунёнинг турли шаҳарларидаги масжидларда алломага ғойибона жаноза ўқилди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар).
Аллома Изз Абдуссалом ўзидан бир қанча китоб, рисола ва таснифотлар қолдирган. Аммо бу илмий меросларнинг адади унинг илм ва маърифатига мувофиқ даражада эмас. Шунинг учун ҳам Ёфиъий Яманий буни шундай изоҳлайди: “У китобларидан кўра илми кўп кишилар жумласидан ҳисобланади”. Бунинг сабаби имом Изз Абдуссалом расмий мансаб, халқ хизматида, амру маъруф ва наҳий мункар билан кўпроқ машғул бўлгани билан изоҳланади.
Имом Изз Абдуссаломдан қолган илмий мерослар жумласига унинг тафсири, ҳадис илмида Имом Муслимнинг саҳиҳларининг мухтасари, Тавҳид илмида “Ал Мулихха фи эътиқод аҳли ал ҳақ”, “Алфарқ байнал ислом вал иймон”, “Алғол фи ихтисор ал ниҳоя” (5 жуз), “Мақосид ас солаҳ”, “Мақосид ас савм”, “Маносик ал ҳаж”, “Алфатвойи ал Мисрия”. Усул фиқҳга доир “Қавоъид ал аҳком фи масолих ал аном”, “Ал Имом фи баёни адиллатик аҳком”. Одоб-ахлоқ, таълим ва тарбия, тасаввуф ва зуҳдга доир “Шажаратул маориф вал аҳвол ва солиҳ алақвол ва ал аъмол”, “Мақосид ар риоя ли ҳуқуқиллаҳ”, “Масоил ат тариқа фи илмил ҳақиқа” каби китоблар шулар жумласидандир.
Яқин вақтларда, иншоаллоҳ, эътиборингизга уламолар султони аллома Изз ибн Абдуссаломнинг энг машҳур китобларидан бири “Шажарат ал маориф вал аҳвол ва солиҳ ал аҳвол вал аъмол” китобидан айрим лавҳаларни ҳавола этамиз.
Абдулҳамид ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.
Саид ибн Имрон розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Тўрт халифаи рошидин розияллоҳу анҳум “тўғри бўлган зотлар...”нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар.
Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу: “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобалардан оятдаги “тўғри бўлган зотлар...” кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки иймон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.
Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз!”.
Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда “Роббимиз – Аллоҳ” дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар».
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илм-фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.
Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: “Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар” (Ёсин сураси, 55-оят).
Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!” дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).
Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.
Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари “Роббимиз – Аллоҳ” деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун “(Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.