Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси таркибида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, Ҳаж ва умра бўйича атташе Шуҳрат Амоний каби соҳа масъуллари “Ҳаж–2026” мавсумида ҳамюртларимиз истиқомат қилиши кўзда тутилган меҳмонхоналарни атрофлича ўрганмоқдалар.
Шароит ва қулайликлар таҳлил қилинмоқда
Меҳмонхоналарни кўздан кечириш жараёнида биноларнинг умумий имкониятлари ва зиёратчилар учун яратилган қулайликлар синчиклаб ўрганилди. Жумладан:
– Фойеларнинг кенглиги ва ҳаракатланиш қулайлиги;
– Лифтлар сони ва кенглиги;
– Хоналардаги шароит, ўринлар сони ва жиҳозлар ҳолати;
– Ошхона сиғими, тиббиёт ва ишчи гуруҳлари учун ажратилган хоналар — барчасига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳар бир хона — зиёратчи қулайлиги учун
Ўрганиш чоғида ҳар бир хонада юклар жойлаштириш ва ҳаракатланиш учун етарли жой мавжудлиги, ювиниш хоналари, кийим жавонлари, ёзув столи, телевизор, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз ва Қуръони карим билан таъминлангани, шунингдек, санитария ва гигиена талабларига тўлиқ риоя этилганига эътибор берилди.
Жойлашув қулайлиги ҳам баҳоланди
Меҳмонхоналарнинг Ҳарами шариф, Мино, Арафот каби ҳаж арконлари адо этиладиган муқаддас ҳудудларга яқинлиги ҳамда транспорт қатновининг қулайлиги делегация диққат марказида бўлди.
Ўрганиш жараёнида мутасаддилар томонидан Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг ҳамкорлик талабларини инобатга олган ҳолда, ушбу тартиб-қоидаларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидлаб ўтилди.
“Ҳаж – 2026” мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳузурланиб, хотиржам ибодат этишлари учун амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари — Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри — олий қадрият” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бухоро шаҳридаги "Сайфиддин Бохарзий" (Шайх ул-Олам) жоме масжидида замонавий талаблар асосида барпо этилган янги таҳоратхона намозхонлар ихтиёрига топширилди.
Мазкур иншоот бир вақтнинг ўзида 70 нафаргача намозхонга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Шунингдек, унда имконияти чекланган фуқаролар учун махсус жиҳозланган 4 та алоҳида хона ҳам ташкил этилган.
Иншоот ёзги ва қишки мавсумларда ибодат қилувчилар учун максимал даражада қулай бўлган барча зарур шароитлар, жумладан, иситиш ва совитиш тизимлари билан тўлиқ таъминланган.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган ҳомийлар, меҳнат қилган қурувчи ва усталарнинг эзгу амалларини даргоҳида ҳусни қабул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати